Йўловчи ташиш масалаларига доир семинар
Солиқ қўмитаси ташаббуси билан ҳудудий солиқ бошқармаларида ZООМ платформаси орқали йўналишсиз таксида йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи агрегаторларни солиқ органлари ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнлари ва солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Бухоро вилоятида автомобил транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган 10 дан ортиқ корхона вакиллари ҳамда соҳага агрегаторлик хизматларини кўрсатувчилар ҳам қатнашди.

Семинарда Солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва соҳага дахлдор бошқа органлар масъуллари автомобил транспортининг йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун белгилаб берилган талаблар ва соҳада яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш юзасидан сўз юритди.
Йиғилганларга автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларда ўзини-ўзи банд қилган ҳолда фаолиятни амалга оширишга лицензия варақаси шартлилиги, мижозларни излаш бўйича махсус дастурларни солиқ қўмитасининг электрон ахборот базаси ҳамда тегишли ягона интерактив ахборот тизимига интеграциялаш ҳамда йўловчиларга такси хизматлари учун чек бериш лозимлиги айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Бухоро вилоятида йўналишсиз таксида йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи юридик шахслар 13 тани ташкил этади. Бироқ уларнинг аксарияти солиқ органлари ахборот тизимларига интеграция қилинмаган.
Семинарда иштирокчиларга ахборот хавфсизлиги талаблари, амалга ошириладиган интеграция жараёнларининг текинлиги ва йўловчиларга электрон фискал чек тақдим этиш тартиби тушунтирилди. Жумладан, агрегаторларга “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказига интеграциялаш юзасидан мурожаат йўллаш бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири