Сарҳисоб
Йўллар инсонларни бир манзилдан иккинчи манзилга элтувчи восита бўлибгина қолмай, иқтисодиётимизнинг қон томири ҳисобланади. Бунда замонавий йўл, йўлўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўлларининг ўрни ниҳоятда катта.
Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли сўнгги йилларда мавжуд йўлларни таъмирлаш, йўловчи ва ҳайдовчиларга муносиб шарт-шароит ва қулайликлар яратиш мақсадида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги йўл ва йўлўтказгичлар, йўл четида эса йўловчи ва ҳайдовчилар учун қулайликлар бўлсин деб инфраструктура объектлари бунёд этилди. Узоқ йиллардан буён, аҳолини қийнаб келаётган, ёзнинг чилласида тупроғу чанг, ёғингарчилик кунларида лой-балчиққа айланадиган кўплаб йўлларимиз таъмирланган бўлса, қолган қисмини ҳам таъмирлаш мақсадида йўл хариталари тузилиб, дастур ишлаб чиқилиб, у асосда ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишларни ташкил этиш, йўл инфрастуктурасининг яхшиланишида эса, Автомобил йўллари қўмитаси, унинг ҳудудий бошқармалари тизимида ишлаётган муҳандислар ҳамда мутахассис йўлсозларнинг хизмати катта.
–Поёнига етаётган йил сирдарёлик йўлсозлар учун анчайин мувафақиятли келди. Тасдиқланган дастурларга асосан жорий йилнинг январь-декабр ойлари давомида жами 357,3 млрд сўм (йиллик режага нисбатан 100 фоиз) маблағ ўзлаштирилиб, 451,3 км (йиллик режага нисбатан 100 фоиз) автомобиль йўлларида реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Шундан, 13 км автомобиль йўлларида Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 90,5 млрд сўм миқдорида реконструкция ишлари амалга оширилди.
Энг қувончлиси, йўловчилар ва ҳайдовчиларга турли ноқулайликлар келтираётган М-34 “Тошкент – Душанбе” автомобиль йўлининг 139-152 км қисмини реконструкция қилиш бўйича (13 км) қисмида ишлар якунланди. Вилоятдаги мавжуд саноат зоналарини йўл инфратузилмаси билан таъминлаш бўйича 12,7 млрд сўмлик, “Янги Ўзбекистон” массивларини йўл инфратузилмаси билан таъминлаш бўйича 1,4 млрд сўмлик қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишларни ташкил этишда тизим корхоналарининг моддий-техник базаси муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда 18,1 млрд сўм ҳисобига 38 дона йўл техникаси ва жиҳозлари харид қилинди. Бу эса, ютуқларимизнинг бош омили бўлди,–дейди Сирдарё вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Зафар Умарқулов.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник соз ҳолатда сақлаш мақсадида 126,7 млрд сўмлик йўл ишлари бажарилиб, 325 км автомобиль йўллари, Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 14,2 млрд сўм ҳисобига 20,3 км автомобиль йўллари таъмирланди.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган 25 та кўприкда 65,6 млрд сўмлик қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, М34 “Тошкент–Душанбе” йўлининг 82,46 км қисмидаги 147 пм; 4К-643 “Сирдарё – Бахт” йўлининг 8,3 км ва 9,2 км қисмларидаги кўприклар ҳамда 4Р35 “Жиззах ш.(4Р38 автойўли) –Пахтакор ш. –Дўстлик ш. –Гагарин ш. –М39 автойўли (918 км)" автомобиль йўлининг 90,15 км, 91,25 км, 92,25 км қисмларидаги кўприкларни реконструкция қилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Йўл билан боғлиқ муаммолар йўқ ҳам эмас. Бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш, умумфойдаланувдаги йўлларни йўловчи, ҳайдовчилар учун қулай ҳолга келтириш каби мақсад ва вазифалар белгиланган. Келаётган 2025 йил ўтаётган 2024 йилга қараганда янада яхши келади. Қолаверса, йўлларимиз кенг ва равон бўлади. Бу эса, йўловчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, ортиқча вақт йўқотишининг олдини олиш баробарида, йўл ҳаракати билан боғлиқ нохуш ҳодисалар камайишига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири