Йўлларимиз равон ва янада обод бўлади
Акс-садо
Президентимиз жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Унда Андижонда 4,5 минг километр янги йўллар қуриш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинганлиги, шунингдек, мавжуд 700 километр йўл бўйини 10 йилгача аҳолига бўлиб бериб, дарахт экиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу борадаги ишларни самарали амалга ошириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари ҳисобланади. Кейинги йилларда вилоятимизда барча соҳаларда бўлгани каби йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.
Айни кунда Андижон вилоятида 13 минг 346 километр автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 2 минг 463 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль, 10 минг 883 километри ички йўлларни ташкил этади. Ана шу йўлларнинг ҳолати ва сифатини яхшилаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Биргина ўтган 2023 йилда вилоятда 1 минг 628,9 километр йўл таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, ички йўлларнинг 1 минг 52,2 километрига асфальт, 84,3 километрига цемент-бетон қопламаси, 78,8 километрига шағал ётқизилди. Умуман, ўтган йили йўллар қуриш, таъмирлаш борасидаги ишлар 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ортган.
Биз йўлсозлар ташриф доирасида давлатимиз раҳбари томонидан вилоятимиздаги мавжуд йўллар ҳолати ва инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш, янги-янги йўллар қуриш бўйича белгилаб берилган ишларни амалга ошириш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар самарасида вилоятимиз йўллари кенг, равон ва янада обод бўлади.
Мирзоҳиджон Нурматов,
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи.
ЎзА