Ҳар йили йўллар таъмирланади. Аммо, бир йил ўтмасдан таъмирдан чиққан йўллар яна таъмирталаб бўлиб қолади. Қайси вилоятга сафарга бормайлик, километрларга чўзилган, бузилаётган ёки тузатилаётган йўлларга кўзимиз тушади. Бу йўллар кўпинча, янги қуриб битказилган йўлнинг қайта таъмири бўлиб чиқади.
Мисол учун, Тошкент билан водийни боғловчи ягона катта йўлни олайлик. Бу йўлдан пойтахтга республика аҳолисининг 30-40 фоизи ўтиб-қайтади.
– Иш фаолиятим Қашқадарё, водий ва Тошкент вилоятлари билан боғлиқ бўлгани боис шу ҳудудлардаги йўллардан қатнашга тўғри келади, – дейди тадбиркор Зайниддин Рўзиев. – Афсуски, ҳар гал йўлга чиқишдан олдин йўлларимизнинг абгорлигидан дилим ранжийди. Чунки, йўлларимиз ўйдим-чуқур, ҳатто баъзи катта трассалар йўқ бўлиб кетиш даражасигача келиб қолган. Айниқса, ёғингарчилик вақтларида бу йўллардан юриш азоб. Бир неча йилдирки шу йўллардан юраман. Бироқ юқорида айтилган вилоятларни боғлайдиган магистрал йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилганлигига ҳеч гувоҳ бўлмаганман.
– Иш юзасидан, умрим йўлларда ўтади, – дейди фарғоналик ҳайдовчи Ботир Рустамов. – Ҳар сафар йўлга чиққанимда юрагимни ҳовучлаб юраман. Йўлдаги катта-катта чуқурлардан қочиб, 2-3 марта автоҳалокатга учраганман. Аллоҳга шукур жиддий зарар етмади. Бироқ, қанчалик эҳтиёткор бўлмай, бу яна такрорланишидан хавотирдаман. Автомобиль йўллар давлат қўмитасига водийлик таксичилар билан жуда кўп мурожаат қилганмиз. Таъмирлаб берилади, дейишади. Бу муаммо фақат Қамчиқ довонида эмас, Жиззах, Бухоро, Сурхондарё, воҳа вилоятларида ҳам бор. Maгистрал йўллардаги автоҳалокатлар ҳақида эшитамиз. Мисол учун, Самарқанд, Бухоро воҳа йўллари жуда абгор. Турли давлатлардан келган сайёҳлар ҳам Самарқанд, Бухоро, Хивага боришда шу йўллардан юради-ку!
Мутахассисларнинг текшируви натижасига кўра, Ўзбекистонда йўл қурилишидаги асфальтлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган. Ҳозирда амалда фойдаланиб келинаётган асфальт учун керакли маҳсулотлардан дунё мамлакатлари 10 йил олдин воз кечган. АҚШ ва Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган асфальт-бетон қопламасига энг камида 15-20 йил кафолат бор. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган асфальт-бетон қопламаларига эса узоғи билан 2 йилгача кафолат бор экан.
Шу ерда ҳақли савол туғилади. Нега Ўзбекистонда қурилаётган йўлларнинг сифати халқаро стандартларга тўғри келмайди ва узоқ вақтга чидамайди? Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган асфальт-бетон қопламалар сифати ваколатли органлар томонидан таҳлил қилинадими? Ахир, битта йўлни қуриб битказиш учун оз-мунча харажат кетадими?!
– Ўзбекистон ҳудудида 98 асфальт-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар бор, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги давлат назорати департаменти қурилиш-материаллари бўлими бошлиғи Шуҳрат Суярқулов. – Бу корхоналарнинг 70 фоизи стандартларга жавоб бермайди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан мамлакатимизда йўл қурилиш соҳасини ўрганиб чиқдик. Хусусан, Бухоро ва Навоий вилоятлари мисолида асфальт-бетон маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ва автомобиль йўллар сифати ўрганилди. Аслида, асфальт-бетон маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги 2020-2022 йилларда қабул қилинган 6 (EN, ISO, ГОСТ) халқаро стандартлар билан тартибга солинади.
Ўрганишлар жараёнида, Навоий вилоятидаги 7 та асфальт-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонанинг барчасида маҳсулот сифатини назорат қилиш учун лаборатория мавжуд эмаслиги аниқланди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятидаги 11 та асфальт-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонанинг 4 тасида (36 фоизи) маҳсулот сифатини назорат қилиш учун лаборатория мавжуд эмас. Аксарият корхоналарда сифати кафолатланмаган хомашёлардан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Мисол учун, корхоналарда асфальт-бетон маҳсулотини ишлаб чиқаришда асосий хомашё сифатида фойдаланиладиган битумнинг сифатини назорат қилиш имконияти мавжуд эмас. Стандарт талабига асосан битумнинг ҳар бир партияси синовлардан ўтказилиши белгиланган. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан корхоналарга тақдимномалар киритилди.
Бухоро вилоятидаги янги қурилаётган “Бухоро ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 16,5 километридаги қайта қуриш объектида ётқизилган асфальт-бетон сифати ўрганилганда 1 қатлам асфальт-бетон лойиҳа бўйича 9 см бўлиши белгиланган бўлсада, амалда 7 см ташкил этди. Бу билан меъёрий ҳужжатининг 10.92-банди талаби бузилган.
Шунингдек, йўлнинг тайёр қисмлари ўрганилганда чуқурлар, ёриқлар, нотекис жойлари борлиги аниқланди. Қайноқ асфальт-бетон қоришманинг ётқизишдаги ҳарорати 150-160 ℃ бўлиши белгиланган бўлсада, ҳар бир автосамосвалда келтирилаётган қоришманинг ҳарорати амалда назорат қилинмайди.
Хусусий аккредитланган синаш лабораториялари томонидан асфальт-бетон маҳсулотларига расмийлаштирилган синов баённомалари ва хулосалар таҳлили ўтказилди ва бир қатор камчиликлар аниқланди.
Навоий вилоятидаги асфальт маҳсулотларига стандарт талабининг 6 та кўрсаткич бўйича синовлар ўтказилмасдан хулоса расмийлаштирилган.
Бухоро вилоятидаги сертификатлаштириш идораси томонидан асфальт-бетон маҳсулотини “аралашманинг ёрилишдаги чидамлилик кўрсаткичи” бўйича номувофиқ бўлсада (меъёр бўйича 3,5 фоиз, амалда 3,3 фоиз ташкил этган) маҳсулот мувофиқлиги тўғрисида хулоса берилган ҳамда “боғловчи (битум) миқдори” кўрсатгичи текширилмасдан сертификат расмийлаштирилган.
Йўл қурилишида етакчи бўлган Германия давлати тажрибаси ўрганилди. Германияда йўл қурилиши DIN, EN, ISO, BS стандартлари билан тартибга солинади. Тўсиқсиз, юқори тезликдаги транспорт оқимини таъминлаш автобан дизайни учун умумий қоидадир. Аксарият автобанлар совуққа чидамли бетон ёки битумли сирт қалинлиги 68 см ўлчамдаги йўл юзасидан иборат. Автомобиль йўллари қурилишида ер қатламлари илмий-тадқиқот жиҳатидан ўрганилади.
Германиянинг 7500 миль (12 050 км) автомобиль йўлларининг 25 фоизи бетон қопламаларидан иборат. Инспекторлар юқори технологияли йўл сканерлаш ускуналари билан жиҳозланган автомашиналар ёрдамида тизимнинг ҳар бир квадрат метрини вақти-вақти билан текширадилар. Агар ёриқ ёки бошқа нуқсон аниқланса, бутун йўл қисми алмаштирилади. Германияда йўл ҳаракати даражасига қараб бетон қоплама қалинлиги ва бошқа тафсилотларни танлаш учун каталогдан фойдаланилади. Ушбу каталог ҳар 10 йилда бир марта янгиланади.
Немис каталоги талабларига мувофиқ қуриладиган қопламанинг умумий қалинлиги бетон юзаси, асосий қатлам (цемент билан ишланган, асфальт билан ишланган ёки ишлов берилмаган) ва музлашдан ҳимоя қилувчи қатлам қалинлигининг йиғиндисидир. Совуққа қарши ҳимоя қатламининг қалинлиги минтақанинг иқлимига ва ер ости қатламининг совуққа сезгирлигига боғлиқ. Одатда қопламанинг умумий қалинлиги 22 дан 35 дюймгача (55 дан 90 см гача).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Автомобиль йўллар давлат қўмитасига Германия стандартларини ўрганиб чиқиш ва республикада жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига хулоса киритиш таклиф этилган.
Шунингдек, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича Автомобиль йўллар давлат қўмитасига тақдимнома киритилган. Бухоро ва Навоий вилоятлари тажрибаси асосида республикадаги 98 та асфальт-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналарда давлат назоратини ўтказиш ва таъсирчан чораларни қўллашга рухсат бериш, Автомобиль йўллар давлат қўмитасига ҳудудлардаги битум маҳсулотларининг ҳар бир партиясини синовдан ўтказувчи лаборатория ҳамда асфальт-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналарда синов лабораториясини ташкил этиш таклиф этилган. Аммо жавоб ва натижадан дарак йўқ.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, 2022 йилда йўл-транспорт ҳодисаларида 2 минг 350 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ўтган йилда республика ҳудудида 9 минг 902 та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Объектив сабаблар орасида пиёдалар ўтиш жойи (1017 та) ва йўл ажраткичлари (1302 та) йўқлиги, яна 214 та ҳолатда светофор ва тегишли йўл белгилари ўрнатилмаганлиги етакчилик қилмоқда.
Ҳар битта рақам ортида инсонлар тақдири ётибди. Битта инсоннинг ҳалок бўлиши – унинг оила аъзолари, яқинлари учун оғир жудолик ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UIGC2i5pwPc" title="Йўлларимиз қачон мустаҳкам ва сифатли бўлади?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Мамлакатимизда йўл қуриш, таъмирлаш, лойиҳалаш учун республика бюджетидан ҳар йили маблағ ажратилади. Хусусан, давлатимиз томонидан 2021 йилда 4,5 триллион сўм маблағ эвазига 3,9 минг км. автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган эди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг берган маълумотига кўра, 2022 йилда йўл хўжалигидаги қуриш-таъмирлаш, уларни эксплуатация қилиш ва жиҳозлаш харажатлари учун жами 8,4 триллион сўм маблағ ажратилган. Тошкентдаги ички йўллар ва объектларни таъмирлаш учун 584 миллиард сўм фоизсиз кредит ажратиш бўйича давлатимиз раҳбари тегишли қарорни имзолади.
“Ўзйўлинспекция” берган маълумотга кўра, 2022 йилнинг 11 ойида йўл қурилиши объектлари, сунъий иншоотлар (яъни кўприк ва йўл ўтказгичлар) ҳамда йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 5 минг 461 та объектда назорат ўтказилди. Натижада 11 ой ичида 231 та ҳолат бўйича умумий суммаси 12 миллиард 249 миллион сўмлик – умуман сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртма берган ташкилотларга талабномалар киритилди. Шундан 9 миллиард 210 миллион сўмдан ортиқ 210 та талабнома ижроси таъминланди. Соддароқ айтганда шунча миқдорга баҳоланган, лекин амалда сифатсиз бажарилган қурилиш ва таъмир ишлари пудратчи, яъни қурувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида қайта бажартирилди.
Автомобиль йўллари қўмитасининг берган маълумотига кўра, 2022 йилда 23 минг 40 километр автомобиль йўллари реконструкция қилинган ва таъмирланган. 2023 йилда 12 минг 813 километр автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари реконструкция қилиши ва таъмирланиши режалаштирилган.
Агар ҳисоботлардаги каби ишлар ҳам амалда бажарилганида йўлларимиз бу қадар аянчли аҳволга келиб қолмас, автоҳалокатлар ҳам кун ора содир бўлмас эди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА