Пиёдалар ва велосипед йўлкаларида, яшил ҳудуд майдонларида автомобилда ҳаракатланиш, йўлларга ноқонуний тўсиқлар ўрнатганлик, пиёдаларга лойқа сачратганлик учун қанча жарима солинади?
Йўлларда “А” белгиси қўйилган, яъни жамоат транспортига мўлжалланган йўлакда ҳаракатланганлик учун жарима жорий қилиниши ҳақида кўп фикрлар билдирилди.
Амалда бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима солишга оид қонун 2025 йил 11 апрелдан кучга кирди.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга кўра бундай ҳуқуқбузарлик содир этганлар қанча жарима тўлайди?
Шу каби саволларга Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов жавоб берди:
– Жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмагани учун ҳам “А” йўлак амалда самара бермаётган эди. Шу сабабли, янги қонун билан бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 128-7-модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилди.
Жумладан, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши (бундан рухсат этилган ҳоллар мустасно) – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 375 минг сўм жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида, яъни 1 миллион 125 минг сўм жарима солинади.
Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларида бошқариш ҳолатлари кузатилаётгани ушбу ҳудудларда ҳаракат қатнашчиларининг хавфсизлигини ишончли таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этилди.
Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги, юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиши (бундан рухсат этилган ҳоллар мустасно), йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчига ёки пиёдаларга лойқа сачратиши базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири – ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатилиши, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатлари ҳисобланади.
Фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳаракатланишни чеклаётгани бошқа ҳайдовчи ва фуқароларга, айниқса, аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.
Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этилиб, йўлларга ноқонуний тўсиқлар ўрнатиш ёки тўсиб қўйиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракатига тўсқинлик қилувчи бошқа қурилмаларни ўрнатганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Йўлларга ноқонуний тўсиқлар ўрнатганлик ёки тўсиб қўйганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса – йигирма баравари миқдорида жарима солинади.
Қонун жамоат транспортининг йўлларда тўсқинликсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиб, автобуслардан фойдаланадиган фуқароларга катта қулайлик яратди. Велосипед йўлаклари, тротуарлар, шунингдек, яшил ҳудуд майдонларида ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг эркин ҳаракатланишига замин яратилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА