Жорий йил 11 февраль куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги тизимли муаммолар танқид қилиниб, уларнинг ечими бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Президентимиз томонидан қўйилган вазифалар ижроси қандай ва қачон бажарилади? Бу ҳақда ЎзА мухбири Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашди.
- Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича замонавий иш услублари ва “инсон омили”ни чекловчи рақамли технологиялар жорий этилди, - деди П.Бобожонов. - Масалан, фуқаролар билан бевосита мулоқотни чеклаш учун ходимлар планшетлар, бодикамералар билан таъминланди. Қоидабузарликларни электрон тарзда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилди.
Йўлларга 367 радар ва 1 минг 584 видеокамера (шундан 430 таси қоидабузарликни аниқловчи) ўрнатилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 111 чорраҳага 1 минг 20 та видеокамера ўрнатилиб, шаҳар ИИББнинг ситуацион марказига интеграция қилинди.
Тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 4 мингдан ортиқ ходим аттестациядан ўтказилди. Кейинги 3,5 йилда йўлларда хизмат олиб борувчи йўл-патруль хизмати ходимларининг деярли 70 фоизи тўлиқ алмаштирилди. Фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш учун 31 ЙПХ маскани қисқартирилди.
Лекин таҳлиллар соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Очиқ тан олиш керак, бугунги кунда йўлларда фуқаролар учун хавфсиз шароит яратиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш борасидаги ишлар талабга тўлиқ жавоб бермайди.
Ҳар йили йўлларимизда 10 минггача автоавария содир этилмоқда. Бунинг оқибатида ўтган йили 2,5 мингга яқин инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмди, 9 мингдан ортиғи турли даражадаги тан жароҳати олди.
Бунга асосан ҳайдовчиларни ўқитиш сифати, қоидабузарларга нисбатан жазо таъсирининг етарли эмаслиги, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қасддан амал қилмаслиги, шунингдек, йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда.
Қонун-қоидаларни менсимаслик шу даражага бориб етганки, ҳатто 13 мингдан зиёд фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасисиз маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган.
Аварияларнинг 20 фоизи тезликка риоя қилмаслик, 25 фоизи йўллардаги камчиликлар, 47 фоизи пиёдалар иштирокида, 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 8 фоизи қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 6 фоизи велойўлак бўлмаганлиги оқибатида содир этилган.
Демак, йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоқли қисми пиёдалар иштирокида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Оқибатда ўтган йили 965 нафар пиёда, шундан 263 нафар болалар вафот этган.
– Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилган? Бу борадаги келгуси режалар қандай?
– 380 та умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш бўйича махсус синфхоналар, яна 167 та мактабда йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари ташкил этилди.
Мазкур шароитлардан фойдаланиб, мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича зарурий тушунчалар берилмоқда. Йўлларда ўзини хавфсиз тутиш юзасидан кўникмалар шакллантирилмоқда. Лекин мазкур ишлар билан республикадаги фақат 4 фоизгина мактаблар қамраб олинган, холос.
Шунинг учун барча мактабларда махсус синфхоналар ташкил этилиб, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» бўйича алоҳида фан киритиш таклиф қилинмоқда. Туркия тажрибасидан келиб чиқиб, йўл ҳаракати қоидаларига мослаштирилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” истироҳат боғларини ташкил қилиш режамиз бор.
Корея тажрибаси асосида мактаб ёнидан ўтган йўлнинг 300 метр масофасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигининг юқори чегарасини 30 км/соат этиб белгилаш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор.
Ҳар бир маҳаллада йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Бунда, Норвегия, Германия, Нидерландия давлатлари каби жамоат транспорти ва велосипедлардан кўпроқ фойдаланишни аҳолига тушунтиришга эътибор қаратилади.
Албатта, бунинг учун жамоат транспорти имижини кўтариш, велойўлаклар ташкил этиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳокимликлар, Автомобиль йўллари қўмитаси, Транспорт вазирлиги билан бирга маҳаллаларда иш олиб бориш керак бўлади.
– Йиғилишда йўллар инфратузилмасидаги камчиликлар ҳам қаттиқ танқид остига олинди. Мазкур муаммоларни қандай бартараф этилади?
– Таҳлиллар ҳар бешинчи йўл-транспорт ҳодисаси йўлларда муносиб инфратузилма ва хавфсиз ҳаракатланиш учун зарурий шароитлар яратилмагани сабабли содир этилганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2 минг 248 км йўлларда қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 3 минг 571 км тротуар, 2 минг 337 км велойўлаклар ташкил этилмаган, 2 минг 731 та тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари ёритилмаган. Шунингдек, 1 минг 835 та жойга шовқин чизиқларини чизиш, 2 минг 904 та жойга сунъий нотекисликлар яратиш, 750 та светофор ўрнатиш зарурати мавжуд.
Ўз навбатида, бугун йўлларда 200 мингта йўл белгилари етишмайди. Мавжуд 105 мингдан зиёди эса замонавий турдаги йўл белгиларига алмаштирилмаган. Маҳаллий ҳокимликлар қошидаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш, махсус ўрнатиш ва фойдаланиш бўлинмалари мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини таъминлаб бермоқда.
Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 610 мингта йўл белгиларидан 304 минг 775 таси белгиланган талабга жавоб беради, холос. Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойларда 25 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойларини қуришга зарурат бор.
Ана шунинг учун ҳам видеоселектор йиғилишида муҳим янгилик – ҳокимликларнинг Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаларини Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати таркибига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Энди уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида тубдан такомиллаштириш лозим.
Йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқлари чизиш фаолияти аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади. Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика ҳамда вилоят жамғармалари ташкил этилади. Шунингдек, йўл белгиларини ишлаб чиқиш соҳасида монополия бекор қилиниб, соҳада рақобат муҳити яратилади.
Келгусида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидаги йўл белгилари ва йўл чизиқлари ёруғлик қайтарувчи яхши кўринадиган материаллардан тайёрланади.
Жойларга ҳайдовчилар томонидан пиёдаларга йўл бермаслик бўйича қоидабузарликларни қайд этувчи махсус видеокамералар ўрнатилади. Тартибга солинмаган ҳамда хавфли йўлни кесиб ўтиш жойларида пиёдалар томонидан бошқариладиган светофорлар ўрнатиш кўпайтирилади.
– Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун нималар қилиш керак?
– Ҳайдовчиларни тайёрлаш, ўқитиш амалиёти, яратилган шароит, назорат тизими, мавжуд имкониятлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Очиқ айтиш керакки, аҳвол ачинарли ҳолатда. Хусусан, ҳозирда фаолият юритаётган 1 минг 348 та ўқув ташкилотининг 745 тасида ўз биноси, 1 минг 277 тасида ўз ўқув автодроми йўқ. Уларнинг 41 фоизида ўқув-машқ автомобилидан ижара асосида фойдаланилади.
Шунингдек, ҳайдовчиларни ўқитиш мактабларида «носоғлом рақобат» вужудга келган. Гапнинг тўғрисини айтганда, айрим автомактабларнинг мақсади сифатли таълим бериш эмас, балки мўмай даромад топишга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, эндиликда ҳайдовчиларни тайёрлаш, имтиҳон қилиш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади. Таълим сифати қатъий назорат қилинади.
Ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектлари ва имтиҳон марказларига бўлган талаб ҳамда мезонлар белгиланади. Уларнинг бу турдаги фаолиятни амалга ошириши учун лицензия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади.
Автомактабларнинг ўқув методологияси, назарий ва амалий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқитувчи ва мураббийларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга эса ИИВ Академияси масъул этиб белгиланади.
Бундан буён ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилади. Шунингдек, ҳар бир ҳайдовчи ҳамда автомактабларнинг рейтинги юритилади.
– Йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилиш тизимини рақамлаштириш бўйича қўйилган топшириқ ижроси қандай бажарилади?
– Ҳа, Юртбошимиз бу оғриқли масалага бежиз алоҳида тўхталмади. Республикамиздаги 2 минг 752 чорраҳанинг бор-йўғи 145 таси ёки 5 фоизи замонавий камералар билан жиҳозланган, холос.
Бу эса йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилиб бориш, чорраҳалардаги тирбандликлар тўғрисида маълумотларни олиш ҳамда бартараф этиш учун имкониятларни чеклаб қўймоқда. Шунинг учун ушбу соҳада энг илғор ҳисобланган Буюк Британия, Германия, Хитой, Сингапур, Корея каби давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларининг йўл участкалари ва чорраҳаларида 1 минг 491 ақлли светофор, 4 минг 473 интеллектуал камера, тезликни назорат қилувчи 720 қурилма билан жиҳозлаш зарур.
Мазкур воситалар ҳокимликлар ёрдамида харид қилиниб ўрнатилган тақдирда, худди Тошкент шаҳридаги каби «Автомобиль ҳаракатини назорат қилиш ва кузатиб боришнинг ягона марказлашган ва компьютерлаштирилган бошқарув тизими» ҳар бир вилоятда ташкил этилиб, улар интеграция қилинади.
– Соҳага оид қонун ҳужжатлари ҳам такомиллаштириладими?
- Албатта, қонунчилик халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади. Бунда халқаро ташкилотлар ва экспертлар, депутатлар, шунингдек аҳолининг бу борадаги таклифлари ва тавсиялари инобатга олинади.
Жумладан транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик ва инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган бошқа қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқилади.
Транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, ўзбошимчалик билан ҳаракат қатнашчиларини тўхташга мажбур қилиш орқали хавфни юзага келтирганлик («йўл безорилиги») учун жавобгарлик белгиланади.
Ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.
Сир эмаски, кейинги пайтларда йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, ҳатто қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кузатилаётган эди. Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиши борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади.
Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади.
Олдимизда турган яна бир долзарб вазифа – халқаро стандартлардан келиб чиқиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни ишлаб чиқишдан иборат. Унда, жумладан, Тошкент шаҳри ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлик чекловлари қайта кўриб чиқилади.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий 14 та «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Уларда йўл инфратузилмасидаги мавжуд муаммолар ва «авария ўчоқлари»ни таҳлил қилинган ҳолда, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича туман (шаҳар)лар кесимидаги манзилли чора-тадбирлар белгиланади.
Автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш фаолияти рақамлаштирилади. Замонавий ўқув хоналари, назарий ва амалий ўқув инвентарлари ҳамда тўлақонли ўқув-машқ базасига эга бўлган автомактаб ва имтиҳон марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Вилоят марказларидаги, кейинчалик бошқа шаҳар (туман) марказларидаги серқатнов чорраҳалар рақамли бошқарувга ўтказилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳар ой Олий Мажлис палаталарида муҳокамадан ўтказиб борилади. Оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштирилади.
Ўзининг шахсий манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўяётган нопок ходимлардан тизимни тозалаш чораларини бундан буён ҳам давом эттирамиз.
Соҳа ходимларининг фаолиятига сунъий интеллектга асосланган «инсон омили» таъсирини чекловчи рақамли технологияларнинг жорий этилиши ходимлар томонидан фуқаролар билан манфаатли мулоқотга киришиш ҳолатларига барҳам беради.
Шунингдек, йўл-патруль хизмати бўйича фуқаролар орасида сўровлар ўтказиб борилади, жамоатчилик фикри асосида тегишли хулосалар қилинади.
Бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз қўйган вазифалар ижроси қаттиқ назоратга олинади. Бундан буён ҳам Президентимизнинг ва халқимизнинг ишончини оқлаш учун ходимларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга, улар янгича тизим асосида, ўз касбига виждонан ёндашиб хизмат қилишларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди.