Навоий вилоятида жорий йил Давлат дастурлари доирасида 1112 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш режалаштирилган. Жумладан, республика бюджетининг 171,7 миллиард сўм маблағи ҳисобига умумий фойдаланишдаги 192 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Навоий шаҳрида вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлим ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълумот берилди.
– Бугунги кунда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш дастури учун ажратиладиган 63 миллиард сўм маблағ ҳисобига 176,5 километр узунликдаги йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғи Эркин Камолов. – Шунингдек, 580 километр узунликдаги автомобиль йўлларида йўл ётиқ чизиқлари чизилди. 2572 дона янги интенсив нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳисобига вилоят ҳудудидаги 4,6 километр ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
ОАВ вакиллари учун Навбаҳор туманида йўл-қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб улар “Навбаҳор туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасига тегишли Асфальт ишлаб чиқариш заводида бўлди. Завод соатига 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 135 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Айни вақтда заводда ишлаб чиқарилаётган асфальт маҳсулоти Навбаҳор туман йўл қурувчиларига ҳамда Нурота ва Конимех туманларига ҳам етказиб берилмоқда.
Тумандаги “Қоражон” маҳалласида вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармасига қарашли “Навоиййўлкўкалам” унитар корхона кўчатхонаси жойлашган. Бу ерда йўл ёқаларига экиш учун манзарали кўчат ва буталар парваришланади.
– Кўчатхонамизнинг умумий майдони 2,2 гектар бўлиб, 2018 йилда ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда 50 минг тупдан зиёд манзарали дарахтлар, бута кўчатлари етиштирилмоқда, – дейди унитар корхона директори ўринбосари Толиб Бобоев. – Уларнинг баъзиларини уруғидан, айримларини эса қаламча ҳолида экиб кўпайтирамиз. Ушбу етиштирилаётган бута ва кўчатларимиз шаҳар ва қишлоқлардаги кўчаларни ободонлаштириш, турли автомобиль йўлларининг четларига экиш учун мўлжалланган. Жорий йилнинг баҳор фаслида йўл ёқаларига 26 мингта ниҳол экилган бўлса, куз фаслида 25 минг 600 дона кўчат экиш режалаштирилган.
[gallery-9044]
Қайд этиш керак, айни вақтда бошқарма ишчи-ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 186 километр ички хўжалик йўлларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, асфальт, цемент-бетон ётқизиш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий вилоятида 130 километр цемент-бетон қопламали йўл қурилиши белгиланган бўлиб, 98 километр йўл кластер усулида, 32 километр йўл эса “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилади.
– 2022 йил июнь ойида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорига асосан цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланиб, кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишларини амалга оширувчи ташкилот сифатида “Қизилқумцемент” АЖ корхонаси белгиланган, – дейди Эркин Камолов. – Ҳозирда “Бурқут” маҳалласидаги ички хўжалик йўлларига “Кластер” усулида цемент-бетон қопламаси қуйилмоқда.
Пресс-тур жараёнида иштирокчилар “Арабхона” маҳалласидаги ички йўлларни шағаллаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Маълумотларга кўра, вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 112,3 километр йўл шағаллаштирилиши режалаштирилган бўлса, сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 580 километр тупроқ йўллари шағал қопламага ўтказилмоқда.
– Қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳудуд аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Арабхона” маҳалласи раиси Олим Давлатов. – Маҳалламизнинг лой ва чанг кўчаларидан бири шағаллаштирилмоқда. Бу кўчадан фарзандларимиз мактабга боради. Эндиликда ёғин-сочинли кунларда улар лойга ботмасдан, текис йўлдан фойдаланади.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА