Бугуннинг гапи
Бугун уч-тўрт сўм маблағ топиб, рўзғорини тебратиш, фарзандларини уйли-жойли қилиш, ўқитиш мақсадида минглаб эркаклар оиласи бағридан узоқда яшаб, меҳнат қилмоқда. Гап фақат хорижда ишлаётган ватандошларимиз ҳақида эмас. Турли вилоятлардан келиб пойтахтимиздаги қурилишларда ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётганлар ҳам оз эмас.
Улар қандай шароитларда яшайди, овқатланади, ишлайди. Уларнинг меҳнати, ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинганми, деган савол туғилиши табиий.
–Қўл остимда 18-25 ёшдан 50 ёшгача бўлган, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларидан келган 37 нафар ишчи бор,– дейди “Асл бунёдкор имкон бизнес” МЧЖ раҳбари Аслиддин Абдухаиров. – Ҳозир пойтахтимизнинг қоқ марказидаги Мустақиллик майдони атрофида таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз. Иш бошлашдан олдин рўйхат тузилиб, ҳар бир ишчининг ёши, имкониятига қараб иш тақсимланади. Кўп қаватли уйларни қуришда иш асосан кран орқали бажарилади. Ишчилардан хавфсизлик қоидаларига амал қилиши, бошига махсус каска, оёғига этик, белига камар тақиб, қўлқоп кийиши талаб этилади. Юқори қаватларда телефон ишлатилмайди. Ортиқча сим, арматура ёки ғишт бўлаклари оёқларига илиниб қолмаслиги учун чиқиндилар тез-тез тозаланади. Кимнингдир оиласида муаммо бўлса, кетишига рухсат берамиз, ўрнига бошқа ишчи қабул қилинади. Янги келган ишчига техника хавфсизлигига риоя қилиш тушунтирилади. Аммо ҳар бир инсоннинг ҳаёти ўз қўлида.
Оғир иш шароити ҳақида гап кетса, негадир фақат хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳаёти мисол қилиб кўрсатилади. Мамлакатимиздаги қурилиш ташкилотларида ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётган ака-укаларимизнинг ҳаёти, туриш-турмуши бинойидекми?
– Ўтган йили намунавий лойиҳа асосида уй қураётган қурилиш фирмасида ёлланма ишчи сифатида ишладим,–дейди сирдарёлик Воҳид исмли йигит. – Қурилиш ишлари сентябрь ойида бошланди. То уйлар тикка бўлгунича омонат қурилган баракларда яшадик. На махсус кийим, на бошни ҳимоялаш учун каска берилгани йўқ. Қишни эса ўзимиз қурган, эшик-деразаси йўқ уйларда ўтказдик. Қанча йигитлар касал бўлиб, қайтиб кетди. Қурилиш фирмаси билан оғзаки келишув асосида ишлардик, ҳеч қандай қоғозга қўл қўйганимни эслай олмайман. Бу-ку майли, ойлаб хусусий уй-жой қурилишларида ишлаб, ё прорабнинг муттаҳамлиги, ё уй эгасининг номардлиги туфайли ҳалол меҳнат ҳақини ололмай юрган танишларим қанча...
Фалокат оёқ остида дейишади. Баъзида кутилмаганда ишчилар орасида фалокатга учраш, нохуш ҳолатларни бошдан кечириш ҳам содир бўлади. Айтайлик, бирор ишчи юқоридан йиқилиб жароҳат олди ёки ҳаёти фалокат билан тугаса, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?
Бандлик бошқармаси ходимлари берган маълумотга кўра, бугунги кунда ҳар бир тумандаги бандлик марказларида энг камида 3 нафардан ҳуқуқшунос фаолият юритади. Фуқаро юридик шахс ёки жисмоний шахс қўл остида ишлашидан қатъий назар, бирор фалокатга учраса, жароҳат олса, ўзи ишлаётган ҳудуддаги бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилса, Давлат меҳнат техник инспекторлари ходимлари унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Демак, одам қаерда яшаб, ишламасин, ўзи учун қулай шароит яратиб олиш, унинг ўз қўлида. Кексаларимиз “Ҳаққини билган хор бўлмайди”, деб бежизга айтишмаган, ахир.
<iframe width="712" height="718" src="https://www.youtube.com/embed/CfTiNRz1lQs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео) ЎзА