Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан Навоий вилоятида қурилган бир қатор янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан Навбаҳор туманида барпо этилган битта кўприк ва узунлиги 8 километрлик автомобиль йўли аҳоли узоғини яқин қилди.
Туманнинг Пахтакор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А379 “Навоий – Учқудуқ” автомобиль йўлида жойлашган кўприкнинг қурилишига 8 миллиард сўм сарфланди.
[gallery-18970]
– Мазкур кўприк Зарафшон дарёси устига ўрнатилган бўлиб, вилоят марказини Зарафшон шаҳри, Кармана, Навбаҳор, Конимех, Қизилтепа, Нурота, Учқудуқ ва Томди туманлари билан боғлайди, – дейди Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳалимов. – Бу автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига хизмат қилади, аҳолига ўзига хос қулайлик яратади. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан “Пахтакор”, “Янги йўл”, “Қоровултепа”, “Ўзбекистон”, “Қалқонота”, “Мирзо Улуғбек” маҳаллаларидан ўтувчи 4Р57 “Қизилқум ҳалқа йўли” нинг 8 километр узунликдаги қисми қайта таъмирланди.
Мазкур автомобиль йўли вилоят марказини Нурота, Конимех, Учқудуқ ва Томди туманлари, қолаверса, Жиззах вилояти Фориш туманини боғлайди. Туризм йўналишидаги “Чашма” зиёратгоҳи ва “Сармиш қўриқхонаси” ҳамда бир қатор тарихий обидаларга олиб борувчи асосий йўл ҳисобланади. Бу йўлда автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши ва аҳоли учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, тирбандликларни олдини олиш мақсадида 2 тасмалидан 4 тасмага ўзгартирилди. 3 дона кўприк қайта қурилди. 7,8 километр узунликда темир тўсиқлар, 3 та светофор ва 278 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, 8 километр сув қочириш латоклари қурилди. Йўл белгилари билан жиҳозланди. 8 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 4 та автобекат қурилиб аҳолига қулай шароитлар яратилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари