
Наврўз Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланиб бормоқда. Қолаверса, халқимиз учун азалдан меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик тимсоли бўлиб келган муборак Рамазон ойи бу йил юртимизда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида ўтмоқда. Наврўз эса “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида кутиб олинмоқда.
Ана шу жиҳатларнинг ўзиёқ юртимизда азалдан мерос бўлиб келаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин намунасидир. Ўз навбатида, бу намуна барчамизга эзгу саъй-ҳаракатлар иштирокчиси бўлиш масъулиятини ҳам юклайди.
Гап юртимизда оммавий тус олган, умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётган саховат, бирдамлик ва бағрикенглик сиёсати ҳақида борар экан, бу борада давлат хизматчилари алоҳида намуна кўрсатиши керак бўлади. Боиси, бугунги давлат хизматчиси, аввало, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг асосий ижрочисидир.

2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”, деб эълон қилинди. Табиат – тириклик манбаи, ҳаётимиз асосидир. Шундай экан, глобал иқлим ўзгаришлари таъсирида атроф-муҳитни асраш, унга одилона муносабатда бўлиш асл қадриятларимиз ўлароқ, бугун янада долзарблик касб этмоқда.
Биз бугун она табиатга муносабатимизни ҳам мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланган бағрикенглик ва саховат фалсафаси асосига қуришимизни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил юртимизда камбағалликни тугатиш бўйича ҳал қилувчи йил бўлиши белгиланди. Камбағаллик қандай тугатилади? Аввало, саховатли ва тадбиркор, тадбирли юртдошларимиз кўмагида. Демак, жамиятдаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшиш, кўмакка муҳтож инсонларга қўлдан келганча ёрдам кўрсатиш ҳар биримизнинг кундалик амалимизга, таъбир жоиз бўлса, виждоний бурчимизга айланиши керак.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани ҳам белгилаб қўйилди. Ижтимоий давлат фуқароларга муносиб турмуш шароити яратиш, ҳимояга, кўмакка муҳтож кишиларга алоҳида эътибор қаратиш, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур воситаларни ишга солиш, деганидир.
Янги Ўзбекистонда бу тамойил жорий йилдан янги босқичда давом этмоқда. Бу жараёнда амалий ишлар бошлаб юборилган.
Шу кунларда Президентимизнинг тегишли фармойиши асосида томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил қилган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш, камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ойини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида юртимиз бўйлаб “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги давом этмоқда.
Сафарбарлик – умуммиллий ҳаракат. У инсонларни бирлаштиради, жамиятда бирдамлик муҳитини яратади. Биргаликда улуғ мақсадлар сари йўл олиш ҳиссини кучайтиради.
Шу ўринда яна бир фикрни айтиш жоиз. Президентимиз бежиз яратувчанлик фаслининг илк ойини саховат, бирдамлик ва бағрикенглик, ободлик ва фаровонлик, аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича сафарбарлик тадбирларига йўналтирмаяпти. Зеро, бу ой йил давомида биз кўзлаган мақсадларимизга кучли старт берадиган, таъбир жоиз бўлса, 2025 йилга мўлжаллаган мақсадларимизга руҳий қувват бағишлайдиган кампания сифатида кўрилмоқда.
Шундай экан, бу хайрли ва эзгу тадбирларда давлат хизматчилари ҳар ишда ўрнак бўлиши керак. Боиси, ҳар бир эзгу иш бошида ташаббусли кишилар турган. Ташаббус эса ҳамиша ўз замонасининг илғор фикрловчи, зиёли ва маънавияти юксак инсонлари томонидан ўртага ташланган, доимо қўллаб-қувватланган.
Марям Абдукаримова,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Тошкент шаҳар филиали масъул ходими.