Ҳозирги глобаллашув даврида, мобиль телефонлар орқали жаҳонда юз бераётган ҳодисаларни кузатаётган, турли бўлар-бўлмас, енгил-елпи ахборотлардан таъсирланиб, муносабат билдираётган ёшларимизнинг онгу шуурини ёт, бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Содир бўлган бир воқеа бунинг исботи бўла олади.
Яқинда метрополитеннинг “Минг ўрик” бекати платформасида ўзи асли Фарғона вилоятидан, айни пайтда Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган Э.М.деган шахснинг ўзини нохуш ҳис қилгани учун метро ходимлари томонидан тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари чақирилган.
Бемор Миробод тумани 7-подстанция шифокори томонидан кўздан кечирилиб, 16-сонли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг заҳарланиш бўлимига олиб борилган. Бемор шифокор томонидан кўздан кечирилган ва унга “Алкоголдан ўткир заҳарланиш” ташхиси қўйилган. Буни шунчаки ҳаётда бўлиб турадиган одатий ҳодиса-да, деб ўйлашингиз ҳам мумкин.
Бироқ энг асосийси шундан сўнг бошланган. Бемор тиббий ёрдам кўрсатилаётган пайтда қоғоз салфеткага “ДХХ ва Ички ишларга телефон қил. Бомба”, дея ёзиб, ҳамширага берган. Шифокор вазиятни аниқ тушунмаган ҳолда “102” рақамига қўнғироқ қилган ва “метрода бомба бор” дея хабар қолдирган.
Ҳолат бўйича Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бўлими навбатчилик қисми томонидан “Минг ўрик” бекатига портловчи моддаларни зарарсизлантириш махсус отряди ходимлари юборилиб, улар томонидан ушбу бекат тўлиқ кўздан кечирилган ва берилган маълумот асосини топмаган. Фуқаро Э.М. билан олиб борилган суриштирув давомида, у ўша куни кайфда бўлганлиги боис маълумотни берганлигини эслай олмаслигини маълум қилган.
Фуқаро Э.М. бу қилмишининг оқибати қанчадан-қанча одамларнинг безовталиги, хавотирига сабаб бўлиши, асабийлаштириши мумкинлигини чуқур ўйламаган. Қолаверса, бу ҳаракатининг давлатга қанчалик қимматга тушишини, жиноятга қўл ураётганини англаган бўлса-да, ниятидан қайтмаган. Мазкур фуқаро хулқига баҳо берилганда, уни калтабин, тарбия кўрмаган, иродаси заиф, ҳаётда ўз йўлини топа олмаган кимса, деб баҳолаш мумкин. Бундай шахсларни ўз вақтида бу йўлдан тўхтатиб қолинмас экан эртами, кечми, бир кун келиб қонун олдида жавоб бериши, гулдек умрини хазон қилиб, темир панжара ортида ўтказишга мажбур бўлиши аниқ.
Элдор Аширов,
Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими, майор