Автомобил йўллари қўмитаси ташаббуси билан тизим таркибидаги корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларининг интеллектуал билимини синовдан ўтказиш, ақлий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилмоқда.
Навоий вилоятида ўтказилган интелектуал ўйинда Автомобил йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги муассаса ходимларидан иборат 11 жамоа иштирок этди.
Иштирокчи жамоаларнинг ҳар бир аъзоси “Заковат” интеллектуал ўйинида фаоллик кўрсатиш орқали ўзи фаолият олиб бораётган корхонаси шаънини ҳимоя қилиш билан бир қаторда тафаккурини ҳам синовдан ўтказди. Иштирокчилар йўл қурилиши соҳасига оид норматив ҳужжатлар, мантиқий ва қизиқарли саволларга жавоблар топишди.
Навоий мунтазам йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси жамоаси 1-ўринни, Навбаҳор тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси жамоаси 2-ўринни, Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, фаол иштирокчилар орасидан “Энг яхши соҳа билимдони”, “Энг фаол жамоа”, “Энг яхши аёл заковатчи”, “Энг яхши эркак заковатчи”, “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинацияси ғолиблари ҳам аниқланди.
Барча ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчиларга диплом, статуетка ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири