Йўл хўжалиги соҳаси такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Транспорт вазирлиги – йўл хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади, кадрлар тайёрлаш, илғор хорижий тажрибалар асосида стандартларни жорий этиш ва назорат тизимини такомиллаштиришни таъминлайди ҳамда соҳада изчил ислоҳотларни амалга оширади.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси -автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва табиий офатларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш ва жиҳозлаш, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш ишларини амалга оширади ҳамда йўл хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этади.
Транспорт назорати инспекцияси - йўл-қурилиш объектларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ҳамда автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Маҳаллий ҳокимликлар - шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўлларини сақлаш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари бўйларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш ишларини амалга оширади.
Мустақил муҳандис консультантлар - йўл қурилиши объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишларини Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Лойиҳа ва пудрат ташкилотлари - "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими ҳамда Давлат харидлари электрон тизими орқали ўтказиладиган харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати - йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозлаш ишларини таъминлайди, шунингдек, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозлаш ишларини ўрнатилган тартибда мувофиқлаштириб боради.
ЎзА