Йўл равон бўлса, манзил ҳам яқин бўлади
Ҳозирги кунда Қамчиқ довони оша ўтиладиган йўлларни таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бу йўллар доимий равишда Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг (ИЙФУК) доимий назоратида. Корхона мутасаддилари ва ишчилари довон оша ҳаракатланаётган йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қишин ёзин доимо ҳаракатда.
Уларнинг қай даражада меҳнат қилаётганликларини довон йўлларидан тез-тез ўтиб турувчи ҳамюртларимиз яхши билишади. Таъкидлаш жоизки, кенг ва равон йўллар, замонавий магистраллар, энг сўнгги технологик ютуқларни ўзида мужассам этган муҳташам кўприклар, ерости йўллари инфратузилманинг таркибий қисми ҳисобланади. Бугун мамлакатимиздаги умумий фойдаланишдаги йўлларнинг асосий қисмини асфальт-бетон қопламали замонавий йўллар ташкил этади. Айниқса, Қамчиқ довонидан ўтган йўл йўлсозларимизнинг жасорати ва маҳоратини намойиш этган улкан бир иншоот, десак муболаға бўлмайди.

Кейинги йилларда Қамчиқ довони йўлларига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Бугун довондан ўтсангиз йўлларнинг равонлигидан, тозалигидан баҳри дилингиз яйрайди. Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда "Қамчиқавтойўл" ИЙФУК мутасадди ва ишчиларининг хизмати беқиёс. Корхона ишчилари қишнинг қаҳратонида ёки ёзнинг саратонида дейсизми ҳамиша сабот ва матонат, ҳамжиҳатлик билан иш олиб боради.

Довон йўлларининг ҳар қаричи эътибордан четда қолмайди. Айни вақтда ҳам Қамчиқ довони йўлларидаги йўл белгилари "Қамчиқавтойўл" ИЙФУК йўлсозлари томонидан янгиланмоқда.

Хуллас, довон йўлларида сақлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳар куни юз мингдан ортиқ кишининг узоғи яқин қилиниб, ўн минглаб тонна юклар манзилига тез ва бехатар етиб боришида корхона ишчиларининг хизмати беқиёс.
"Қамчиқавтойўл" ИЙФУК
ахборот хизмати