Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати томонидан Сирдарё вилоятидаги журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда йўл хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни журналист ва блогерлар билан ҳамкорликда ОАВда ёритиб бориш, пресс-тур ва брифинглар орқали соҳадаги янгиликларни халққа тез, аниқ ва мунтазам етказиб бориш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Сирдарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Зафар Умарқулов Сирдарё вилояти бўйича мавжуд умумфойдаланувдаги йўллар ва уларни қуриш, реконструкция қилиш, сақлаш, таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
–Матбуот анжуманида биринчи марта иштирок этдим, – дейди Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раисининг ўринбосари Дилором Исмадиёрова. – Йўлга дахлдор саволлар билан кимга, қаерга мурожаат қилишни билмас эдик. Анжуманда қатнашиб кўп маълумотлар олдим. Йўлларнинг таснифи ва тоифалари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдим.
Анжуманда йўл соҳаси тизимини янада ривожлантиришга қаратилган келгусидаги режалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.