Йўл инфратузилмаси янада яхшиланмоқда
Йўлларнинг узоқ хизмат қилиши нафақат уларнинг сифатли қурилишига, балки йўл ҳаракати иштирокчилари, хусусан транспорт воситаси ҳайдовчиларининг йўл маданияти, тартиб-қоидаларига амал қилишига ҳам боғлиқ.
Хўш, ҳудудларда йўл сифатини яхшилаш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда?
Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024—2026-йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Хусусан, давлат аҳамиятидаги 4Р176 автомобиль йўлининг 0—9,3-километр қисмларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур автомобиль йўлида олиб борилаётган қурилиш ишлари учун 25 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Касби тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари томонидан маҳаллий аҳамиятдаги 4Н289 “Комилон қ. — Месит қ. — Бойдоқчи қ.” автомобиль йўлининг 3 — 4- км қисмлари оралиғида картасимон таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сирдарё вилояти Йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-ходимлари томонидан халқаро аҳамиятга эга А-373 “Гулистон — Бўка —Ангрен — Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг 26 — 29-километрлари оралиғида таъмирлаш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Сирдарё туманида давлат аҳамиятидаги 4Р-29 “М-34 автойўли — М-39 автойўли — Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 8 — 9-километрлари оралиғида янги йўл белгилари ўрнатилмоқда.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг май ойида Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган “Бойсун баҳори” халқаро фестивалига кўплаб хорижий давлатлардан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Уларга қулайликлар яратиш ҳамда йўл инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида Бойсун туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу маданий тадбирга тайёргарлик асносида нафақат туман маркази, балки, ички кўчалар ҳам тубдан таъмирланмоқда.

Ушбу жараёнга Сурхондарё вилояти Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мазкур корхона ишчи-ходимлари томонидан Бойсун туманидаги биргина Чорчинор маҳалласининг 6 та кўчаси тўлиқ асфальтланди. Айни кунларда Меҳригиё кўчасига асфальт-бетон қопламаси ётқизилмоқда. Бунга 20 та махсус техника ҳамда 28 нафар ишчи-ходим жалб этилган. Жараёнлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Навоий вилояти Учқудуқ туманида халқаро аҳамиятга эга А-379 автомобиль йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шовқин чизиғини чизиш ишлари амалга оширилмоқда. Айни вақтда Мирзаобод тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-ходимлари томонидан халқаро аҳамиятга эга М-34 “Тошкент — Душанбе” автомобиль йўлининг 137—136-километрлари оралиғида иссиқ асфальт-бетон қопламаси ётқизилмоқда.

Бухоро вилояти Шофиркон тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан М37 “Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши” халқаро автомобиль йўлининг 251 километрида таъмирлаш, сақлаш ишларидан ташқари, қайрилиб олиш қисмларида бўяш ҳамда ижодий ёндашган ҳолда чақиқ тош билан ландшафтлаш ишлари олиб борилмоқда.


Таъкидлаш керакки, жорий йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автойўлларни эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонлар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА