Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилайлик
Ўзбек халқи бутун умр яхши ният билан фарзандининг тўй томошаси, уй қуриш, орзу ҳавас деб меҳнат қилади. Йиғиб терганини халққа илинади.
Ҳаммамиз ҳам фарзандимиз тўй томошалари кўнгилдагидек эсда қоларли ўтишини орзу қиламиз. Шунга яраша ҳаракат қиламиз. Бироқ, бу унутилмас воқеа фақат эркин хотиралар билан эсланишини истаймиз.
Аммо ёшларнинг бебошларча қилган хатти-ҳаракатлари, шўхлик ортидан баъзан шундай нохушлик келиб чиқиши мумкинки, у бир умр қалбга жароҳат бўлиб қолади. Туй ҳам яхши кун ҳам татимай қолади.

Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга йўлда олди олинмаганда ана шундай нохушлик келиб чиқиши мумкин эди. Гап шундаки, асли ромитанлик ака-укалар кенжа укасининг тўйини ўзларича эсда қоларли, янада ёрқин бўлишини исташди шекилли, Бухоро туманидан ўтувчи мазкур йўлда тўй кортежига юк автомашиналари билан қўшилишди. Улар шунчаки келин куёвни манзилга кузатишса майли, бироқ ўзбошимчалик билан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, серқатнов магистрал йўлни тўлалигича тўсиб ҳаракатланишди. Айтиш керакки, М-37 магистрал йўли халқаро аҳамиятга эга йўл бўлиб ниҳоятда серқатнов ва бу каби ҳолат ўнлаб автомашиналар учун йўл транспорт ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин. Яхшиямки, Йўл Ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари бу ҳолатга ўз вақтида чек қўйишди.

–Нотўғри иш қиляпмиз деб ўйламагандик, – дейди ҳайдовчилардан бири. –Бизнинг соҳа ҳайдовчилик бўлиб, катта юк ташувчи машиналар билан магистрал йўлларда юрамиз. Биз хато қилдик. Бошқалар бу хатони қайтармасин.
Ўйланмай қилинган шўхлик ака-укаларга қимматга тушди. Ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, юк автомашиналари жарима майдонига қўйилди.
–Айрим фуқароларнинг тўй-маросимларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб юриши нотўғри, – дейди Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаев. – Бу эса бошқа ҳаракат иштирокчиларига айниқса, ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Шу ўринда барча фуқароларимиздан айниқса, ҳайдовчиларимиздан йўлларда ҳаракатланаётганда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланмасликка чақирамиз. Йўлда белгиланган тартиб қоидалар асосида амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига, ҳайдовчи маданиятига риоя қилинса ҳар хил нохушликларнинг олди олинади.
Фалокатни олди олинди, бироқ бу ёшларнинг ибрат кўзини оча олдимикан. Ахир ҳар куни турли йўлларда содир бўлаётган оғир оқибатли автоҳалокатлар ҳақида эшитамиз. Улар ҳам эҳтиётсизлик, ўзига ортиқча ишониш ва мавжуд қоидаларни писанд қилмаслик оқибати эмасми. Шу ўринда ота-оналар ҳам фарзандлари хатти-ҳаракатига нисбатан эътиборли бўлишса ёмон бўлмасди.
Зариф Комилов, ЎзА