Йод препарати истеъмоли тўла назоратга олинган
Ижтимоий тармоқларда боғчалар ва умумтаълим мактабларида болаларга йод препаратлари берилиши натижасида заҳарланиш ҳолатлари кузатилгани ҳақида турли маълумотлар эълон қилинди. Бу кенг жамоатчилик ўртасида турли миш-мишлар келиб чиқишига, ота-оналарнинг ташвишга тушишига сабаб бўлмоқда.
Бу бўйича Андижон вилоятида ҳолат қандай?
Таъкидлаш керакки, вилоятда кўп сонли заҳарланиш,бутун бошли бирор бир муассаса тарбияланувчилари ёки мактаб ўқувчиларининг оммавий захарланиш ҳолати умуман қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ушбу масала вилоят ҳокими, мутасаддилар назоратида. Вилоят, туман ва шаҳар марказий шифохоналари, тез тиббий ёрдам бўлимлари шифокорлари томонидан вазият яқиндан кузатилиб, зарурий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳозиргача жиддий, оғир асоратга олиб келган ҳолат аниқланмади.
Нафақат мамлакатимизда, балки қатор давлатларда ҳам эндемик бўқоқ касаллигининг олдини олиш учун мактаб ўқувчилари, боғча тарбия-ланувчиларига "Калий йодид","Антиструмин"," Йодомарин" ва бошқа номлар билан дунёнинг турли давлатларида ишлаб чиқариладиган йод препаратлари берилиши йўлга қўйилган. Бу ўз навбатда касалликнинг олдини олишда юқори самара бериб келади. Аввал ушбу дориларнинг болаларга оммавий тарздаги салбий таъсири умуман кузатилмаган.
Ушбу масала бўйича вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан қуйидаги маълумотлар тақдим этилди.
Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Андижон вилоятидаги 765 та умумтаълим мактабининг 522 минг 717 нафар ўқувчисига, 548 та давлат боғчасининг 109 минг 661 нафар, 2 минг 174 та хусусий ва уй боғчаларнинг 74 минг 324 нафар тарбияланувчисига 33 минг 387 қутида, жами 3 миллион 338 минг 700 дона "Калий йодид" таблеткаси тарқатилган. Ана шу кунлари 619 минг нафар бола ушбу таблеткани қабул қилган.
Вилоятда ушбу таблетка ичишдан оммавий заҳарланиш йўқ, "Калий йодид" ичиш оқибатида оғир ҳолатга тушган бемор қайд этилмади. Вилоятининг турли туман ва шаҳарларидан 8 нафар бола енгил даражадаги шикоятлар– диспептик ҳолатлар билан шифокорлар назоратига олинган.
Тиббиёт ходимлари томонидан дори ичган болалар дорининг ножўя таъсири бор-йўқлиги бўйича назорат кўригидан ўтказилган.
Айни пайтда Андижон вилоятида дори тарқатиш эҳтиёт чора сифатида тўхтатилган, мактаб ва боғчалардаги тарқатилмаган барча "Калий йодид" таблеткалари қайтариб олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли муассасалар томонидан тарқатилган "Калий йодид" дорисидан экспертиза учун намуналар олинган.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.