Йирик корхонага тамал тоши қўйилди
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хорижий инвесторларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижаси ўлароқ бугун Наманган – республиканинг саноат марказига айланди.
Бу борада эркин ва кичик саноат ҳудудларида татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон тумани “Ибрат” массиви ҳудудидан “Наманган” эркин иқтисодий зонасига қўшимча ажратилган 70 гектар ернинг 41,2 гектар майдонида умумий қиймати 245,3 миллион долларлик, 4 минг 615 та иш ўрнига эга бўладиган еттита лойиҳа жойлаштирилди.
[gallery-19491]
Покистон Ислом Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Diamond Group of Industries” хорижий корхонасининг 72 миллион долларга тенг йирик лойиҳасига старт берилди. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур йирик корхона қурилишига тамал тоши қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Умумий етти гектар ер майдонида барпо этишга киришилган ушбу корхона ишга тушганидан кейин йилига 10 минг тонна текстиль ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 47 миллион долларлик маҳсулотлар чет элга экспорт қилинади.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бундай йирик иқтисодий лойиҳалар тадбиркорлик ва тўқимачилик саноати ривожига ҳисса қўшиш асносида, аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини оширишда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Хорижий компания вакиллари қурилишни тез якунлаб, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш режалари билан ўртоқлашди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.