“Йилнинг энг яхши ёрдамчи-агенти – 2025”
Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши ёрдамчи-агенти – 2025” танловининг Навоий вилояти босқичи ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки масъул ходими Рамазон Барноев, Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Халилов сўзга чиқиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ёрдамчи-агентлар маҳалладаги ҳар бир хонадонда ва аҳоли орасида банк хизматларини оммалаштириш, молиявий саводхонликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини банк хизматларига қизиқтириш орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш бўйича “маҳалла банкири”га яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

Танловнинг 1-босқичида 233 нафар ёрдамчи-агентлар фаол иштирок этиб, улардан 33 таси танловнинг 2-босқичига йўлланмани қўлга киритган эди.
2-босқичда ёрдамчи-агентлар бизнесга йўналтирилган банк маҳсулотлари тарғиботи, фирибгарлардан огоҳликка чақириш бўйича тарғибот, омонатлар бўйича тарғибот олиб бориш каби 3 та мавзуда ноанъанавий фото ва видео лавҳаларини тайёрлаб, ўз тарғиботларини ижтимоий тармоқларда ёритди.


Якунда 11 нафар ёрдамчи-агент 3-босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Танлов якунида ғолиб ёрдамчи-агентларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА