Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” Республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўқитувчиларнинг таълим сифатини оширишга оид инновацион ғояларини, уларнинг педагогик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий тарзда ташкил этилаётган ушбу танлов ҳар йили она тили ва ўзбек тили фанлари ўқитувчилари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинади.
Мазкур танлов 2 босқичда ташкил этилди. 16-20 сентябрь кунлари танловнинг ҳудудий саралаш босқичлари ўтказилиб, умумий ўрта таълим мактабларининг она тили ва ўзбек тили фани ўқитувчилари Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан ташкил этилган махсус бот орқали рўйхатдан ўтиб, видео-тақдимотлар билан иштирок этди.
Ҳудудий босқичларда ғолиб деб топилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларининг 2 нафардан она тили ва ўзбек тили фани ўқитувчилари танловнинг якуний босқичида қатнашди.
Тошкент шаҳридаги 191- ва 196-мактабларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўзбек тили ва она тили фанларидан маҳорат дарслари ўтказилди.
Танловнинг республика босқичи якунларига кўра, ўзбек тили фани йўналишида Жиззах вилояти Зомин туманидаги 60-мактаб ўқитувчиси Насиба Кубаева биринчи ўринга муносиб топилди. Бухоро шаҳридаги 13-мактаб ўқитувчиси Сарвиноз Дониёрова иккинчи ўринга, Урганч шаҳридаги 15-мактаб ўқитувчиси Ирода Йўлдошева учинчи ўринга сазовор бўлди.
Она тили фани йўналиши бўйича биринчи ўрин Фарғона шаҳридаги 19-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Баҳодир Жўраевга берилди. Иккинчи ўрин Жиззах шаҳридаги 29-мактаб ўқитувчиси Ўғилой Aбдураимовага, учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Aмударё туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси Иқболой Юсуповага берилди.
Ғолиблар пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Н.Усмонова,
ЎзА