Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва юртимизнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар тизимли асосда амалга оширилмоқда.
Кўзланган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан божхона органлари фаолияти самарадорлигига боғлиқ. Тизимда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли сўнгги йилларда иқтисодиёт 2 карра ўсди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоиз, бугунги кунда Маҳаллийлаштириш дастури натижа бермоқда. Айрим товарлар импорти 2 миллиард долларга камайди. 2024 йил тадбиркорларга салкам 50 триллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз берилди. Ўзбекистондан 54 мингта экспорт декларацияларини расмийлаштиришда божхона ходими қатнашмади.
Божхоначилар ноқонуний муомаладан олинган 1000 дан зиёд телевизор ва кондиционерларни Ижтимоий қўллаб қувватлаш марказлари (собиқ "Саховат") ва "Мурувват" уйларига топширишди.
Қолаверса, 2024 йил "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" режими асосидаги товарлар экспорти 1 миллиард долларлик маррани забт этди.
Яна бир эътиборли жиҳат, божхона биноларига қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига 5 миллиард сўмлик бюджет маблағлари тежалди.

Йил рақамларда...
Ўтган йилда саноат корхоналарига 24 миллиард долларлик ускуналар олиб келиниб, 63 мингта янги қувват ишга туширилди. Натижада 1,5 миллионта иш ўринлари яратилиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 3 минг долларга етди ҳамда камбағаллик даражаси 23 фоиздан 11 фоизга тушди.
Жаҳонда иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётганига қарамасдан товарлар экспорти бир йилда деярли 1 миллиард долларга ошиб, 11,1 миллиард долларни ташкил қилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги тадбирлар натижасида кўпгина товарларни импорт қилиш камайди.
Масалан, транспорт ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, кимё саноати маҳсулотлари, пластмасса ва ундан ишланган буюмлар, минерал ўғитлар, мебеллар ва уларнинг қисмлари, керамика буюмлар, насослар, гигиена воситалари ва пахта толаси импорти 2 миллиард долларга камайди.
Мазкур жараёнларда божхона органлари ҳам муносиб иштирок этиб, мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Якунига етаётган йилда 17 мингга яқин ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона тўловларидан 49,6 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар қўлланилди, 6,6 триллион сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошишига эришилди.
9 мингга яқин ҳолатда 914 миллиард сўмлик товарлар, 35 миллиард сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 76 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари, 63 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.
Жорий йилда божхона органлари томонидан 1 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, 554 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 49 дона қурол, 3010 та ўқ-дорилар ашёвий далил сифатида олинди.
Соҳани рақамлаштириш ҳисобига экспортда 91 фоиз,импортда эса 75 фоиз декларациялар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Бунда 54 мингдан ортиқ экспорт ва импорт декларацияларининг расмийлаштируви инсон омилисиз амалга оширилди.
Энг асосийси, божхона тартиботларини соддалаштириш орқали 6 мингга яқин экспортёр ҳамда 20 мингга яқин импортёрнинг ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалишига эришилди.
Ижтимоий объектларни қўллаб-қувватлаш, қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш йўналишларида Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 7 та “Саховат” ва “Мурувват” уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу муассасаларга 821 та телевизор ва 204 та кондиционер, 1 миллиард сўмдан ортиқ кийим-кечаклар ҳамда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган 100дан ортиқ жиҳозлар беғараз топширилди.
Хорижий инвестициялар
Хорижий инвестициялар билан ишлаш йўналишида
474та лойиҳа ижроси доирасида 7 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини мувофиқлаштириш ишлари ташкил этилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва қадоқлаш буюмларини ишлаб чиқаришга қаратилган 5,3 триллион сўмлик 375 та янги лойиҳалар ишга туширилди.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ортидан 12 мингга яқин янги иш ўринлари вужудга келди.

“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимини оммалаштириш орқали ушбу режимидан фойдаланаётган тадбиркорлар сони 350 тага етказилиб, қайта ишланган товарлар экспорти бир йилнинг ўзида 42 фоизга ёки 305 миллион долларга кўпайиб, 1 миллиард долларни ташкил этди.
Энергия тақчиллиги қопланишини таъминлашга қаратилган топшириқлар доирасида эса жорий йилнинг бугунги кун ҳолатига 98 минг 124 та объектга 965 МВт қуёш панеллари ўрнатилиши назорат қилинди.
Бу жараёнларда божхона органларининг ўзи ҳам муносиб иштирок этмоқда. Ҳозирга қадар 71 та божхона объектига 3,8 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, 5 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари электр энергия истеъмолидан иқтисод қилинди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА