2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили
Мана 2023 йил ҳам тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Ушбу йил Ўзбекистонимиз учун оламшумул аҳамиятга молик воқеликларга бой йил бўлди. Бинобарин, 2023 йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келиб, энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётганлиги, “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ишлари бошланди.
Янги 2024 йил арафасида Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги эълон қилинди. Табрикда 2023 йилда ҳаётимизда чуқур из қолдирган асосий тадбирлар ҳақида баён этилиб, тарихимизда илк бор халқимиз референдум йўли билан янгиланган Конституциямизни қабул қилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “...албатта, ҳаёт бор экан, унинг ютуқ ва қувончлари, ташвиш ва муаммолари ҳам бўлиши табиийдир. Аммо инсон ва халқ ақл-заковати, ҳалол меҳнати, мустаҳкам иродаси билан ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга қодир”.
Мамлакатимизга миллионлаб хорижликлар ташриф буюриб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ижобий баҳоларини беришди. Президентимиз томонларидан халқаро майдонда муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш каби муҳим вазифамизни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди.
Бизнингча, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” деган иборанинг тагида олам-олам маъно мужассам.
Аввало, мамлакатимиз ёшлар мамлакати. Аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу дегани мактабгача таълим қамровини ошириш, халқ таълими тизимидаги муаммоларни ечиш ва таълим сифатини ошириш чораларини кўриш, бу олий таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, олий таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, бу олий таълимдан кейинги таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини мукаммаллаштириш, умуман ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш ва ҳ.к. Ҳар йили мамлакатимиз аҳолиси 900 мингдан ортиқ нафарга ортаётганлиги эса ушбу масалаларга тизимли ва тезкор ечимлар топишни тақозо этади.
Энди “бизнесни қўллаб-қувватлаш” деганда нималарни тушунамиз, шу масалага ҳам бир диққатимизни қаратсак. Аввало “Бизнес” сўзининг луғавий маъносига эътиборимизни қаратсак,инглизча business – иш, машғулот, корхона, деган маъноларни англатади. Демак, бизнесни қўллаб-қувватлаш деганда бандликни, машғулликни, корхоналарни қўллаб-қувватлашни тушунишимиз керак. Шунингдек, бизнес деганда, фақат пул топишга қаратилган соҳани эмас, балки доимий равишда эътиборга, қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи бор соҳани тушунишимиз лозим. Яъни давлат томонидан бизнес қанчалик қўллаб-қувватланса, бизнес ҳам мамлакатнинг ривожига, тараққиётига, хизматлар сифатининг ошишига, мамлакат имижининг кўтарилишига ва алалоқибат халқнинг фаровонлигига хизмат қилади. Бизнес қанчалик ривожланса, унга шунчалик кўп ишчилар керак бўлади, бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлайди, ёшларнинг ноқонуний миграцион жараёнларга жалб этилишини камайтиради.
Президент табригида таъкидланганидек, янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.Ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади. Мухтасар айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятлар тўлиқ сафарбар этилади.
Абира Хусейнова,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили.
ЎзА