Йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида йигитлик бурчини ўташ учун отланган бир гуруҳ мард ўғлонларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими ўтказилди.
Маросимда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сотиволдиев, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими, Термиз ҳарбий прокуратураси, нуронийлар, аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
[gallery-11313]
Тадбирда сўз олганлар Миллий армиямизни ислоҳ этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тинч, фаровон ҳаётимизни таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Чақирилувчиларнинг Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан ўташларига ишонч билдирилди.
– Бугун ўғлим Абдулғани ҳам бошқа тенгдошлари қатори муддатли ҳарбий хизматга йўл олмоқда, - дейди Ангор туманидан Ҳотам Аҳмедов. – Бу оиламиз учун шараф. Ўғлимнинг барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, эгнига ҳарбий либос кийганидан жуда фахрландик.
Тадбир якунида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Шу куни ўғлонлар Термиз темир йўл вокзалидан муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА