Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди
Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида навқирон йигитларимизнинг ҳарбий хизматга навбатдаги кузатув маросими бўлиб ўтди.
Кузатув тадбири бўлажак аскарлар, ота-оналар ва бошқа кузатувчилар учун байрамдек ўтди. Давлат мадҳияси билан бошланган йиғин бошида Гулистон ҳарбий прокурори, адлия подполковниги Равшан Жалилов армиямиз сафларини тўлдиришга отланган йигитларга оқ йўл тилади. Шундан сўнг Сирдарё туманидан Музаффар бобо Тайланов, бўлажак аскар онаси Раъно Беркинбоева, ҳарбий хизматга чоғланган Икромжон Абдуалимовлар йиғинда сўзга чиқиб, йигитларга эзгу тилаклар билдиришди.



Шунингдек, чақирилувчиларга вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Бегабаев ва бошқа ҳарбий зобитлар томонидан махсус совғалар топширилди. Тадбир сўнгида вилоят санъаткорларининг куй-қўшиқлари барчани даврага чорлади. Ўйин-кулгу ва рақслардан сўнг йигитларга миллий таом ош тарқатилди.


– Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш ҳамиша болаликдан орзуим бўлиб келган, – дейди И.Абдуллаев. –Бугун орзуим ушалмоқда, мен ҳарбий хизматга жўнаб кетаяпман.Келгусида ватан ҳимоячиси бўлишга қарор қилдим.Ота-онам ва яқинларим менинг бу қароримдан хурсанд бўлиб, қўллаб-қувватлашмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА