Тошкент вилоятининг барча туман-шаҳарларида 7/24 соат ишлайдиган савдо ва хизматлар учун биттадан махсус кўчалар ташкил қилиниши белгиланган. Мазкур марказий кўчаларда 1 минг 159 та савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш режалаштирилган.
Оҳангарон шаҳрида шундай кўчалардан бири ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабати билан ташкил этилган очилиш маросимида шаҳар ҳокимлиги фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ҳудуд марказидаги мазкур Охунбобоев кўчаси эндиликда аҳоли, айниқса, пиёдалар ва автотранспорт воситаларининг қулай ҳаракатланиши учун имкон яратилди. Шу билан бирга, атрофдаги 30 дан зиёд хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталари фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг натижасида 60 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 24 соатлик жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ талаблар ҳам ўрнатилган.
Очилиш тадбирининг иштирокчилари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Жумладан, Зангиота туманида ҳам бундай тоифадаги кўча ташкил қилинмоқда. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев туман масъуллари билан мазкур лойиҳаларни шакллантириш ишларини кўздан кечирди. Мақсад – аҳолига қулай шароит яратиш, туманни иқтисодий ва ижтимоий ҳаётини ривожлантиришни таъминлаш бўлиб, бундан ташқари, кўплаб иш ўринлари яратилишига замин ҳозирланмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.