Ёз мавсумининг энг намунали оромгоҳлари
Болаларни соғломлаштириш ёзги мавсуми якунларига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг “Нефтчи” ва Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” оромгоҳлари “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик -танловида биринчи ўринни эгаллади.
Болаларни соғломлаштириш ёзги мавсуми якунларига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг “Нефтчи” ва Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” оромгоҳлари “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик -танловида биринчи ўринни эгаллади.
Мавсумни юксак савияда ўтказиш, дам олдириш масканлари фаолиятини янада яхшилаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва вилоят соғломлаштириш комиссияси томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, мавсум давомида шаҳар ташқарисидаги 15 та оромгоҳда 7 минг 618 нафар, умумтаълим мактаблари қошидаги кундузги масканларда 12 минг 400 нафар болалар соғломлаштирилди.
–Жорий йилги мавсумнинг ўзига хослиги шундаки барча маданий -маърифий ва спорт дастурлари Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусга ҳамоҳанг тарзда ўтказилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Адолат Акрамова. –Тўгараклар машғулотлари ўғил-қизларни ватанпарварлик, миллий ғурур руҳида ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг китобхонликка, чет тилларни ўрганиш ва спортга бўлган қизиқишларини оширишга йўналтирилди. Бу борада орттирилган тажрибадан келгуси йилги мавсумни ташкил этишда кенг фойдаланилади.
Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги иқтидорли ўқувчиларнинг 400 нафари Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” ва Тошкент вилоятидаги “Хумо” оромгоҳларида дам олди. Мавсумда 32- “Меҳрибонлик уйи“ тарбияланувчиларининг 115 нафари, шунингдек, 34 нафар ногирон бола ҳамда жамоа шартномаси орқали 3040 нафар ўғил -қиз бепул ва имтиёзли соғломлаштирилди.
Тадбирда ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этишда намуна кўрсатган корхона, ташкилотлар ҳамда оромгоҳларда фаолият юритган энг фаол ва ташаббускор ходимлар рағбатлантирилди. “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови ҳамда “Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми ташкилотчилари ҳамда болалар оромгоҳлари ходимлари” танлови ғолиблари тақдирланди.
Бундан ташқари, “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг ғамхўр ҳомий”, “Энг жонкуяр ҳоким”, “Энг яхши ҳамкор”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг намунали стационар оромгоҳ” номинациялари ғолиблари вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят жисмоний тарбия ва спорт, соғлиқни сақлаш ва ички ишлар бошқармалари томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломларга сазовор бўлди.