Ёшларнинг стартаплари учун 2 миллиард сўм ажратилади
Лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил май ойида Андижон вилоятига ташрифида киритилган таклиф асосида амалга оширилмоқда.
Очилиш тадбирида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Сатторов, «Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази» раҳбари Ориан Меҳрож Рашидов, Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти Кенгаши раиси Ойбек Йўлдошев, "Лойиҳалар бошқаруви маркази" раҳбари Улуғбек Исматов ва андижонлик ёш тадбиркорлар, стартапчилар қатнашди.
Тадбирда дастлаб, “Unicorns” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ва «Рақамли шаҳар» раҳбарияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви тузилди.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ва Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Unicorns” лойиҳаси янги бизнес ва стартапларни амалга оширишга қаратилган, — дейди Улуғбек Исматов. — Лойиҳанинг асосий мақсади эса Ўзбекистондаги тадбиркорлик ва стартапларни ривожлантириш ҳамда 1 млрд. доллар қийматга эга стартаплар яратилишига эришишдир.
Тадбир давомида маълум қилинишича, лойиҳанинг илк босқичини амалга ошириш учун 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган. Асосий ишчи ҳудуд сифатида эса Андижон вилояти танланган. Лойиҳа стартига бағишланган очилиш тадбирини кўплаб кузатувчилар “Zoom” иловаси орқали ҳам онлайн тарзда кузатиб боришди.
Маълумот учун, “Unicorns” лойиҳасида 35 ёшгача бўлган Андижон вилоятининг барча ëш тадбиркорлари ва стартапчилари қатнашишлари мумкин. У уч босқичда олиб борилади. I босқичда 10 июндан 10 июлга қадар https://unicorns.uz веб-сайти орқали аризалар қабул қилинади. II босқичда эса 10 июлдан 10 августгача лойиҳалар сараланади. Якуний босқичда танлаб олинган энг сара лойиҳаларни амалга ошириш устида иш бошланади.