Ёшларга Қўмондон эсдалик нишони топширилди
Тошкент ҳарбий округидан хабар беришларича, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Тошкент ҳарбий округидан хабар беришларича, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида қўйилган вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди. Асосий мақсад ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, улар билан самимий ва шаффоф мулоқотлар ўтказиш, муаммоли масалаларни бартараф этишдан иборат.

Округ Қўмондони ўзаро мулоқотларда ўтган йиллар мобайнида Қуролли Кучлар моддий-техник базаси тубдан янгилангани, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли равишда кучайтирилгани, халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлаётганини қайд этди.
Тадбирнинг энг қизиқарли ва шиддатли нуқтаси юзма-юз савол-жавоблар жараёни бўлди десак, янглишмаган бўламиз. Округ Қўмондони ёшларнинг ҳарбий хизмат билан боғлиқ кўплаб саволлари, таклифлари, муаммоларига қулоқ тутди ва уларнинг ҳар бирига батафсил жавоб бериб ўтди. Асосий эътибор ҳарбий хизматни ўташ қоидалари, ҳарбий билим юртларига кириш шартлари, тизимдаги имтиёз ва рағбатлар, армиямиздаги замонавий жанговар техникалар каби қатор масалаларга қаратилди.
Сўз олганларнинг аксари “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви катта ва муҳим ташаббус бўлганини, бу каби учрашувларнинг тез-тез ташкиллаштирилиши эртамиз эгалари учун айни муддао эканини таъкидлаб ўтди.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ фаол ёшлар ва ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқ ва Қўмондон эсдалик нишони топширилди.