Ёшлар тадбиркорликка жалб этилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Қорақалпоғистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, давлат солиқ инспекцияси, тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда фермерликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар жараёнида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий таълим муассасалари талабалари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг соҳага қизиқишини янада ошириш, уларнинг назарий ва амалий билимини бойитиш, ёш фермерларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Ўтган йили коллежимизни битирган 9 нафар ўқувчи ўз бизнесини йўлга қўйди, – дейди Қанликўл қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Ж.Қутлимуратов. – Улар тижорат банклари томонидан ажратилган 36,8 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи эвазига чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик билан шуғулланмоқда. Бу йилги битирувчи ёшларимиздан 18 нафари тадбиркорлик соҳасини танлаб, ўз бизнес-режаларини тузмоқда. Бугунги тадбирда улар банк ва солиқ идоралари мутахассисларидан амалий кўмак олди.
Тадбиркор бўлишга аҳд қилган ўқувчиларнинг аксарияти овулда аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш орқали ўнлаб тенгдошларини иш билан таъминлашни ният қилган. Ёшларнинг бундай ташаббус ва интилишлари тижорат банклари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.