Ёшлар тадбиркорлиги йўлида
Нукусда “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” II ёш тадбиркорлар бизнес форумининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Нукусда “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” II ёш тадбиркорлар бизнес форумининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ёш тадбиркорлар ўртасида амалий-ижодий ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, уларни ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича бирлаштириш мақсадида ташкил этилган форум доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 60 га яқин ёш тадбиркор иштирок этди.
Бизнес ғоялари саралаб олинган 10 нафар иштирокчи форумнинг мамлакат босқичида иштирок этади. Улар орасида нукуслик ёш тадбиркор Райҳон Боймуродова ҳам бор.
– Мен ўтган йили Нукус компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг телекоммуникация бўлимини тугатиб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошлаган эдим, – дейди Райҳон. – Бунда менга тижорат банкидан ажратилган 6 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи жуда қўл келди. Ҳозирда гўзаллик салонимизда икки тенгдошим доимий иш билан таъминланган. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхонаси ташкил этиш ва ёшлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.