Ёшлар тадбиркорлиги истиқболлари
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг мамлакат босқичи якунланди.
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг мамлакат босқичи якунланди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш тадбиркорлар иштирок этди.
Форумнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, ривожланишнинг «ўзбек модели» асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш таъминланаётганини таъкидлади.
Барча соҳаларда эришилаётган ютуқларимизда бугун ҳеч кимдан кам бўлмай улғаяётган ёшларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлаётир.
– Юртимизда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига замонавий техника ва технологияларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди навоийлик Сардор Неъматов. – Бу йўлда ёш тадбиркорлар учун барча шароит яратилаётгани бизни беҳад қувонтирмоқда. Форумда инновацион технологиялар асосида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга оид таклифларим билан қатнашдим.
– Мамлакатимизда мулкдорлик кафолатланиб, тадбиркор ва ишбилармон юртдошларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди пойтахтлик Зарнигор Умарова. – Ушбу жараёнда ёшларни яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга, ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга руҳлантириш муҳим аҳамиятга эга. Форумда мутахассислар томонидан бизнес режа тузиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бу борада яратилган имконият ва имтиёзлар юзасидан кенг тушунтиришлар берилгани биз учун айни муддао бўлди.
Шўъба мажлисларида ёш тадбиркорларнинг ғоя ва ташаббуслари тақдимотлари бўлиб ўтди. Ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш, ижтимоий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш, ёшлар тадбиркорлигига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга оид таклиф ва мулоҳазалар экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини ўзида мужассамлаштирган истиқболли таклифлар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга тақдим этилади.
Мухтасар айтганда, ушбу бизнес-форум ёшлар учун ўзаро фикр алмашиш, тажрибасини янада бойитиш, бизнес юритишнинг янги қирраларини очиш имконини берди.
Тадбирда фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.