Ёшлар Пайғамбар оролига саёҳат қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз давлат университети ва Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг иқтидорли талабалари учун мўъжизаларга бой Пайғамбар оролига саёҳат ташкил этди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз давлат университети ва Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг иқтидорли талабалари учун мўъжизаларга бой Пайғамбар оролига саёҳат ташкил этди.
Амударёнинг ўртасида жойлашган мазкур орол ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, машҳур Зул-Кифл (Кафолот соҳиби) минораси билан барчада қизиқиш уйғотиб келади. Бироқ Афғонистон билан мамлакатимизни ажратиб турадиган Амударёнинг қоқ ўртасида ястаниб тургани сабабли ҳудудга бориш учун шиддаткор дарёни кечиб ўтиш лозим бўлади.

Вилоят ҳокимлиги ва ДХХ Чегара қўшинларининг вилоятдаги ҳарбий қисмларидан бири ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир шу жиҳатлари билан ҳам иқтидорли талаба-ёшларга ўзгача завқ, шукуҳ бағишлади.
Мутахассисларнинг айтишича, тўрт минг гектар майдонда ястаниб ётган орол ЮНЕСКОнинг табиат ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Табиий тўқайзор ва қамишзордан иборат ҳудудда турли ёввойи ҳайвонлар, қушлар макон қурган. Бепоён ўрмонзорнинг бир қисмида жийда, терак-жийда, чучукмия, юлғун каби ўсимликлар ўсади. Ҳинд жайраси, бухоро хонгули, ёввойи тўнғиз, қамиш мушуги сингари ҳайвонлар, қирғовул, бургут, тас¬қара, қирғий каби қушлар, судралувчилардан чўл агамаси, тошбақа, калтакесак, турли илонлар учрайди.
Табиатнинг бу бойликларини асл ҳолида сақлаб қолиш учун ўтган асрнинг 70-йилларида оролда қўриқхона ташкил этилган. Айни пайтда Сурхон давлат қўриқхонасига қарайдиган ноёб ҳудудга кириш бу ернинг хавфсизлиги эътиборга олиниб, бироз чекланган.

Ўзининг нафақат бетакрор, гўзал табиати, балки Қуръонда зикр этилган 25 пайғамбардан бири – милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул-Кифл алайҳиссалом мақбараси жойлашгани билан ҳам маълуму машҳур бўлган бу гўша иқтидорли йигит-қизлар учун таассуротларга бой бўлди. Ёшлар субҳидамдан чегарачилар картерларига жойлашиб, ҳарбийлар ҳамроҳлигида дарёнинг нариги қирғоғига ўтди.
– Биринчи марта картерга ўтириб, шиддат билан оқаётган дарёда суздик, теварак-атрофни завқ билан томоша қилдик, – деди Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабаси Чарос Ўралова. –Амударё ва Пайғамбар ороли ҳақида эшитган эдим. Лекин бу ерни кўриш, томоша қилиш хаёлимга ҳам келмаган. Орол мўъжизалари билан танишиш зўр завқ улашди.
Талабалар дастлаб Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида фойдаланишга топширилган Орал пайғамбар чегара қўриқлаш постида бўлиб, бу ерда жанубдаги сарҳадимиз қўриқчиларига яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. Чегарачилар учун тайёрланган таомлардан татиб кўрди.

– Тинч, осуда турмушимиз посбонларининг жасоратга тўла ҳаётидан фахр-ифтихор ҳиссини туйдик, – деди Термиз давлат университети талабаси Беҳруз Тошбадалов. – Табиий фанлар факультетида таҳсил олаяпман. Аъло баҳоларга ўқиб, изланаяпман. Ўтган йили Ёшлар иттифоқи стипендиати бўлдим. Спорт билан мунтазам шуғулланаман. Довюрак, сергак чегарачиларимиз ҳаётини кўриб, мен эришаётган бу ютуқларда ҳарбий акаларимизнинг хизмати катта эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Янги чегара қўриқлаш постида ватанпарварлик ойлиги доирасида уч авлод учрашуви ҳам ташкил этилди. Унда нуронийлар, ҳарбийлар ва талаба-ёшлар ўзаро фикр алмашди.
– Бу орол Ватанимизнинг бир бўлаги, – деди вилоят ҳокими учрашув якунида. – Чегарачиларимиз юртимизнинг ҳар қарич тупроғини туну кун сергак қўриқламоқда. Сиз, ёшлар учун бу ернинг тарихи, табиати ҳали очилмаган қўриқдир. Афғон халқи ҳам тинчлик истайди. Ён қўшнимизда вақти келиб, осуда ҳаёт бошлангач, бу ер сайёҳлар, зиёратчилар қадами узилмайдиган ҳудудга айланади. Сизларга шундай имконият яратилганидан фойдаланиб, бу ерни машҳур қилган улуғ зот – Зул-Кифл мақбарасини зиёрат қилинг. Тарихини ўқиб, ўрганинг. Ана шунда жаннатмонанд Ўзбекистоннинг ҳар қарич тупроғи азиз ва муқаддас эканини янада чуқур ҳис этасиз. Ватанимиз тараққиёти, юртимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшадиган фидойи инсонлар бўлиб камолга етасиз. Биз бунга албатта ишонамиз.
Чегарачилар, нуронийлар вакиллари ва талабалар оролдаги Зул-Кифл мақбарасини зиёрат қилди.
Мақбара ва масжиднинг қачон қурилгани тўлиқ аниқланмаган. Манбалардан уларнинг XI-XII асрларга мансублиги ва Маҳмуд Ғазнавий ҳамда унинг авлодлари ҳукмронлиги даврида бунёд этилгани аниқланган. Зиёратгоҳ кичик ансамбль шаклида бўлиб, гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали хилхона, ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган.
– Туризм соҳаси сирларини қунт билан ўрганаяпман, – дейди Термиз давлат университети талабаси Исфандиёр Сайфиддинов. – Орол ва мақбара ҳақида айрим манбаларга эга эдим. Муқаддас бу жойни зиёрат қилиш баҳонасида янада қизиқарли маьлумотларни билиб олдим. Устозларимиз ва чегарачи акаларимиз бу ернинг тарихи хусусида тасаввуримизни бойитадиган айрим маьлумотларни сўзлаб берди. Мақбара икки йил аввал реконструкция қилиниб, ободонлаштирилганини ҳам зиёратга келиб, билиб олдик. Бу бизнинг бой ўтмишимизни чуқур ўрганиб, дунёга тараннум этишимизда муҳим аҳамият касб этади.
Мўъжазгина оролга саёҳат қилган талабалар эсдалик учун суратларга тушиб, бир олам таассуротлар билан қайтди.