Ёшлар бандлиги учун барча масъул
Сурхондарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда 42 мингдан зиёд ўқувчи битиради.
Сурхондарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда 42 мингдан зиёд ўқувчи битиради.Ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир.
– Мустаҳкам моддий-техник базага эга замонавий таълим муассасаларида ўқув машғулоти ва ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Каромат Ашуров. – Бу ёшларнинг ўзлари танлаган касб сирларини пухта ўзлаштиришида муҳим омил бўлаётир. Битирувчилар корхона, ташкилот ва муассасаларда амалиёт машғулотларини ўтамоқда. “Корхона – коллеж” ҳамкорлик тизими ёшларнинг амалиёт машғулотларида танлаган касби бўйича етарли кўникмага эга бўлиши, кўпчилигининг кейинчалик шу ерда ишлаб қолишига катта имконият яратмоқда.
Вилоятда ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият юритмоқда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида, таълим муассасаларида тузилган штаблар кундалик мониторинг ишлари олиб боради. Бу ишни сифатли амалга ошириш учун коллежларга ҳудуддаги тижорат банклари, бандликка кўмаклашувчи марказлар ва бошқа мутасадди ташкилотлардан масъуллар бириктирилган. Дастлабки таҳлилларга кўра, битирувчиларнинг 10 мингдан ортиғи олий таълим муассасасида ўқишни давом эттириш, 2 мингдан ортиғи тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган. Аксарияти амалиёт ўтаётган корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат фаолиятини бошлайди.
– Коллежни битириб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар доимий эътиборимизда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Сурхондарё вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Олим Эсонов. – Ана шу мақсадда бизнес лойиҳа тузган ёшларга молия институтлари томонидан 15 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағи ажратилади.
Ёшларнинг изланиш ва интилишлари қўллаб-қувватланаётгани уларнинг бандлигини таъминлаш баробарида аҳоли фаровонлигини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Тижорат банкларидан олинаётган кредит маблағи эвазига битирувчилар кичик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этаётир. Замонавий иссиқхоналар қуриб, бозорлар тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Сервис ва хизмат кўрсатиш, чорвачилик, асаларичилик, ҳунармандлик каби соҳаларида шуғулланмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ажратилган кредит маблағининг 800 миллион сўмдан ортиғи “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиали ҳиссасига тўғри келади. Денов тиббиёт коллежини бу йил уч йўналиш бўйича 242 ўғил-қиз тамомлайди. Улардан ўндан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган. Сайрамхон Менгниёзова ана шулардан бири. Бўлажак тадбиркорга “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Денов тумани бўлими томонидан 5 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
– Президентимиз раҳнамолигида кўрсатилаётган ғамхўрлик, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор биз, ёшларда бизнес билан шуғулланишга катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Сайрамхон. – Мен ҳам шу мақсадда бизнес-режа тайёрлаб, тижорат банкига тақдим этдим. Лойиҳам қўллаб-қувватланиб, етарли миқдорда маблағ ажратилди. Маҳалламизда музқаймоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Келгусида тижорат банкининг кредит маблағидан фойдаланиб, қўшимча тармоқларни ишга туширишни ҳам режалаштирганман.