“Ёшлар бандлиги ҳафталиги”
Сирдарё вилояти Гулистон туманида “Ёшлар бандлиги ҳафталиги” тадбири ўтказилмоқда.
Сирдарё вилояти Гулистон туманида “Ёшлар бандлиги ҳафталиги” тадбири ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 19 февралидан бошланиб 26 февралига қадар давом этадиган ҳафталикда ишсиз ёшлар, коллеж битирувчилари, банд бўлмаган уюшмаган ёшлар иштирок этмоқда.
“Ёшлар бандлиги ҳафталиги” иштирокчилари дастлаб ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона фаолияти билан танишди.

Банд бўлмаган ёшлар ушбу мақсадли саёҳати давомида корхонанинг ишлаб чиқариш тури, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, ижтимоий ҳимоялаш тизими ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.
Яқинда ишга туширилиши режалаштирилган “Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти 33 миллион АҚШ доллари, шундан 16 миллион 500 минг АҚШ доллари “Миллий банк” кредит маблағлари ҳисобига барпо этилди. Ушбу лойиҳа ишга туширилгач 400 нафар Гулистон туманидаги ёшлар, асосан, хотин-қизлар доимий иш билан таъминланади.
Ушбу корхонада ишлаш истагини билдирган ёшлар рўйхати шакллантирилди.

– Ушбу дастурни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишимиздан кўзланган асосий мақсад – туманда ишга туширилаётган янги саноат корхоналарига ёшларни ишга жойлаштириш, уларнинг бандлигини таъминлашдан иборат, – дейди вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий масалалар бўйича ўринбосари Отабек Носиров. – Жорий йилнинг 19-26 февраль кунлари “Ёшлар бандлиги ҳафталиги” доирасида ўтказилаётган тадбирлар дастури ижросини Гулистон туманида намуна сифатида бошладик. Бундай ҳафталикларни вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширишни режалаштирганмиз. “Ёшлар бандлиги ҳафталиги” дастури ижроси вилоятимизда йил давомида босқичма-босқич давом этади.
“Ёшлар бандлиги ҳафталиги” дастури ижроси доирасида ишсиз ёшлар тумандаги Бахмал маҳалласида яшовчи Аширали Жабборовнинг 7 сотихли иссиқхонаси, Раъно Нажмиддинова хонадонидаги касаначилик, Ишонч маҳалласидан Одина Эгамова томонидан ташкил этилган тикувчилик, Соҳил маҳалласида истиқомат қилувчи Даврон Бегимқулов томонидан ташкил этилган эшик-ромлари, Дехқонобод шаҳарчасидаги ёш тадбиркор Жамшид Ғафуровнинг целофан ишлаб чиқариш цехлари фаолияти билан яқиндан таништирилди.
– Халқимизда, бекорчидан худо безор, деган ажойиб мақол бор, – дейди Отабек Носиров. – Ёшларимизга қанча тадбиркорлик руҳини сингдирсак, кичик бизнесга кенгроқ жалб этсак, шунча ишлаб чиқариш кўпайиб, ҳалол рақобат юзага келади. Бу билан янги-янги фирмалар, оилавий кичик корхоналар ташкил топади. Жойларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури, миқдори ва сифати ортади. Энг муҳими – ёшларимизнинг бандлик даражаси ва иқтисодиётимиз юксалади. Иш билан таъминланган ҳар бир ёшимизнинг дастурхонига қут-барака қўнади.

Шунингдек, ҳафталик давомида Гулистон тумани иш билан банд бўлмаган ёшлари ҳар бир маҳалла кесимида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хонадонларга ҳам саёҳат уюштирилди.
Ҳафталик иштирокчиларида айниқса, тенгқурлари, Шарқ ҳақиқати маҳалласида яшовчи Покиза Мирзаеванинг хонадонида ташкил этилган туяқуш ва паррандачилик йўналишида фаолият олиб бораётган оилавий фирма, Бешбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинилик Илёс Кенжаев томонидан ташкил этилган оилавий лимонария, Сойибобод ҚФЙда яшовчи Дилшод Нўмоновнинг балиқчилик хўжалиги фаолиятлари билан яқиндан танишишлари жуда улкан таассурот қолдирди.
– Қўлида ҳунари, касби бўла туриб, уйида узу кун бекор ётишдан ёмони йўқ, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров. – Лекин бинойидек ҳунари бўлиб, иш бошлай олмай, озгина маънавий ва моддий кўмакка зарурати бўлган ёшларни аниқлаш, ушбу тадбиримиз туфайли олдимизга қўйган мақсадларимиздан яна биридир. Ёшларимизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тижорат банклари туман филиалларининг вакиллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаолларининг бириктирилиб биргаликда маҳаллаларда ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича уйма-уй юрилиб, тарғибот тадбирларини ташкил этилаётгани ҳафталик ўтаётган қисқагина муддат давомида ўзининг ижобий самараларини бераётир.

Дарҳақиқат, тумандаги 25 та маҳаллада “Ҳар бир оила тадбиркор” ҳамда “Намунали ёш тадбиркор” лойиҳаси доирасида ҳафталик давомида 25 нафар ишсиз ёшга банк кредит маблағлари ажратиши режалаштирилди.
Гулистон туманида “Ёшлар бандлиги ҳафталиги” тадбири давом этмоқда.
