Ёш тадбиркорлар билан учрашув
Пойтахтимизда ёш тадбиркорлар, бизнес тренерлар ва “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координаторлари билан учрашув ўтказилди.
Пойтахтимизда 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ёш тадбиркорлар, бизнес тренерлар ва “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координаторлари билан учрашув ўтказилди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Учрашувда мазкур фармон ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Ёшларда тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, имтиёзли микрокредитлар олишида кўмаклашиш, уй меҳнати ва касаначиликни, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” ва “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаларининг аҳамияти катта бўлаётир.
Тажрибали тадбиркорлар ўз ютуқлари ва ҳозирги кунда соҳага қаратилаётган катта эътибор тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мутахассислар ёшларга тадбиркорлик фаолиятига оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялар берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.