Ёш оилалар учун уйлар
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 16 ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди.
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 16 ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди.Давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, нуронийлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилаётган улкан эътибор навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Янги уйлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Камолот” ташкилоти тавсиясига биноан ёш оилаларга бошланғич бадалсиз, йигирма йил муддатга, беш йиллик имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. Икки ва уч хонали “Камолот” уйида ёш оилалар фаровон турмуш кечириши учун барча шароит яратилган. Уй ҳовлисида замонавий жиҳозланган болалар спорти майдончаси барпо этилди.
Барча қулайликларга эга икки хонали хонадонлардан бирига Сардоба ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Даврон Азимовнинг оиласи кўчиб кирди.
– Президентимиз томонидан биз, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли шундай замонавий уйга эга бўлганимиздан рафиқам ва икки фарзандим бениҳоя хурсанд, – дейди Д.Азимов. – Бугун ушбу уйга кўчиб кирган қўшниларимнинг кўнглида ҳам шундай миннатдорлик туйғулари жўш урмоқда десам, сира янглишмайман.
Мирзаобод тумани ҳамда Гулистон ва Бахт шаҳарларида қурилаётган “Камолот” уйлари ҳам яқин кунларда ўз эгаларига топширилади.