Ёш офицерлар хизматга йўл олди
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида битирувчи курсантларга диплом ва «лейтенант» махсус унвонини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида битирувчи курсантларга диплом ва «лейтенант» махсус унвонини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири в.б., генерал-лейтенант Т.Худойбергенов юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни ҳар томонлама етук, масъулият ва бурчини чуқур ҳис қиладиган ҳамда ўз касбини севиб ардоқлайдиган, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш учун барча имкониятлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътиборни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги фармони алоҳида аҳамият касб этади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ўз касбининг етук мутахассислари, масъулият ва бурчини чуқур ҳис қиладиган кадрлар етишиб чиқмоқда. Бугун ҳам мана шундай қувончли кун. Академия битирувчилари катта ҳаётга қадам қўймоқдалар. Курс битирувчиларига диплом ва «лейтенат» махсус унвони генераллар томонидан тантанали равишда топширилди.

Ҳа, ёш офицер учун генерал қўлидан диплом ва махсус унвон олиш катта ишонч ва фахр-ифтихор десак, хато бўлмайди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида бир умрлик олтин саҳифалар бўлиб қолажак. Сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўз тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этди.
– Ҳарбий кийим-боши ярашиб турган навқирон ёш фарзандларимизнинг муқаддас ва шарафли бурчларини сидқидилдан бажариб, жонажон Ватанимиз, халқимизга садоқат билан хизмат қилишида билдирилган юксак ишончни оқлайдиган офицерлар бўлишига ишонамиз, – дейди академия профессори Али Сирожиддинов.

– Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, – дейди битирувчи лейтенант Илҳомжон Боқиев. – Бизни вояга етказган ота-онамизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган давлатимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлиғини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак. Биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз. Хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Тадбирда Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
