Ёш мерганларнинг энг муносиби ғолиб бўлди
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан ёшлар ўртасида пневматик қуролдан ўқ отиш спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан ёшлар ўртасида пневматик қуролдан ўқ отиш спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Унда Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби бошланғич ташкилоти аъзолари, коллеж ўқувчилари ҳамда ички ишлар бошқармаси Навоий академик лицейи ўқувчилари иштирок этди.
“Ватанпарвар” ташкилоти томонидан спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ҳамда спорт секцияларига ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур мусобақага Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби бошланғич ташкилоти аъзоларидан 10 нафар, Кончилик коллежи ўқувчиларидан 10 нафар, ички ишлар бошқармаси Навоий академик лицейидан ўқувчиларидан 15 нафар ёш иштирок этди.
Мусобақа ўрнатилган тартиб қоидалар асосида ўтди. Мусобақа сўнггида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, биринчи ўринни ички ишлар бошқармаси Навоий академик лицейи ўқувчиси Ҳумоюншоҳ Зокиров эгаллади.
Қолган ўринлар ҳам ушбу муассаса ёшларига насиб этди. Иккинчи ўринни Музаффар Шониёзов, учинчи ўринни Азиз Қаюмов ҳамда Азиз Ғаниевлар эгаллади.
Мусобақа сўнгида иштирокчиларни Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби бошлиғининг спорт ишлари бўйича ўринбосари И.Мухторов табриклади. “Ватанпарвар” ташкилоти Навоий шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан ғолибларга эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар топширилди.