Ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига давлат бюджетидан беғараз пул ёрдами ажратиш нима беради?
Бугун миллионлаб одамларнинг меҳнат қилиш қобилияти чекланди.
Иқтисодий таҳлил
Бугун миллионлаб одамларнинг меҳнат қилиш қобилияти чекланди. Пандемия сабаб барча жойда бўлгани каби юртимизда ҳам фирма ва корхоналар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Чегаралар ёпилди. Туристлар оқими бутунлай тўхтади.
Бир қатор мамлакатлар пандемия туфайли юзага келаётган муаммоларга ечим топиш учун аҳолига бюджетдан бир марталик беғараз пул ўтказмалари берди. Масалан, жорий йил февраль ойида Гонг Конг 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги доимий фуқаролари (7 миллионга яқин киши) га 10 000 ГК доллари (қарийб 1200 АҚШ доллари) миқдорида пул тарқатишга қарор қилди. Ушбу тарқатма пуллар ҳукумат томонидан эълон қилинган 15 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги инқирозга қарши курашиш фонди харажатларининг катта қисмини ташкил этди.
АҚШ ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун шакллантирилган 2,2 триллион долларлик қутқарув пакетининг бир қисми сифатида АҚШдаги ҳар бир солиқ тўловчининг (ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигидан қатъий назар) банк ҳисобрақамига 1200 доллар ва ҳар бир бола учун қўшимча 500 доллар ўтказиб бераётгани айтилмоқда.
Сингапур апрель ойида мамлакатдаги барча катта ёшдаги (21 ва ундан юқори ёшдаги) аҳолига 600 сингапур доллари миқдорида бир марталик нақд пул ўтказмалари амалга оширилиши ва келгуси ойларда ҳам қўшимча тўловлар амалга оширилиши мумкинлигини эълон қилди. Шу билан бирга, ҳукумат имкони борларни www.giving.sg веб-саҳифаси орқали хайрия қилишга ёки тўғридан-тўғри ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришга чақирди. Сингапурда қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганлар ижтимоий хизмат идораларига ва жамоат марказларига мурожаат қилиши мумкин.
Япония “фавқулодда ёрдам” дастурининг дастлабки босқичида – февраль-июнь ойларида пандемия сабабли даромадини йўқотган оилаларга 300 000 иена – қарийб 2 760 АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш фикрида.
Шу ўринда бир савол туғилади. Ривожланган давлатларнинг пул тарқатиш тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам фуқароларга бир марталик беғараз пул ёрдами берилиши керакми? Бунда беғараз пуллар тарқатиш усулидан фойдаланаётган давлатлардаги ва Ўзбекистондаги вазиятга назар солиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистонда оммавий пул тарқатиш орқали истеъмолни рағбатлантириш эмас, балки инқироз даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами, хусусан, коронавирус пандемияси туфайли ишлай олмаётган оилалар, чет элга қайтиб кета олмаган мигрант ишчилар, ёлғиз яшовчи қарияларга эътибор қаратиш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини сақлаб қолиш мақсад қилиб қўйилган. Чунки, Ўзбекистон шароитида, одамларнинг ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигидан қатъий назар, оммавий равишда пул тарқатиш бир неча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Коронавирус сабабли товар ва хизматлар таклифи камайган бир шароитда беғараз пул тарқатилиши натижасида иқтисодиётда пул таклифининг кўпайиши инфляциянинг тезлашишига олиб келади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юқори инфляция даражаси сақланиб қолмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли таъминотдаги узилишлар, транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, озиқ-овқат товарларига бўлган талабнинг кескин ошиши, Қозоғистон ва Россия томонидан айрим озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича киритилган чекловлар натижасида апрель ойида йиллик инфляция даражаси 14,5 фоизгача кўтарилди. Озиқ-овқат инфляцияси февраль ойидаги 15,8 фоиздан апрель ойида 19,1 фоизгача ошди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан амалга оширилган тадқиқот натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми реал ўсиши 1,8 фоизгача секинлашиши шароитида инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этиши кутилаяпти.
Бундай шароитда давлат бюджетидан беғараз пул тарқатилиши ёрдамга муҳтож аҳолига зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак сотиб олиш, коммунал тўловларини вақтида амалга оширишга маълум даражада ёрдам берса-да, молиявий ёрдамга муҳтож бўлмаганлар томонидан товар ва хизматларга талабни оширади. Бу эса инфляцияга қўшимча босим кўрсатади.
Давлат бюджетидан барча учун тенг миқдорда бир марталик беғараз молиявий ёрдам кўрсатиш бюджет камомадини янада ошириб юборади. Коронавирус инқирози даврида санитария-эпидемиологик харажатларни молиялаштириш, шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар жалб қилинди. Банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун жамоат ишлари жамғармасига маблағлар ўтказиб берилди. Бундай шароитда аҳолига беғараз пул ёрдамлари кўрсатишда бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида ҳамма учун тенг миқдорда пул тарқатиш эмас, балки айнан ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Беғараз берилган пул ёрдами қандай мақсадларга ишлатилиши номаълум бўлиб қолади. Ривожланган давлатлар сингари Ўзбекистонда ҳам ҳар бир солиқ тўловчига тенг миқдорда пул ўтказмалари амалга оширилган тақдирда берилган пул маблағлари ёрдамга муҳтож бўлган аҳоли томонидан истеъмол учун сарф қилиниши мумкин. Лекин ёрдамга муҳтож бўлмаган солиқ тўловчиларининг қўлида пайдо бўлган ортиқча маблағлар қандай мақсадларда ишлатилиши номаълумлиги оммавий пул тарқатишнинг самарасизлигини келтириб чиқаради.
2020 йил 1 май ҳолатига кўра, республика бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар сони 1538,8 минг кишини ташкил этган. Шундан, 864,9 минг киши давлат бюджетидан ижтимоий нафақа олади. Пандемия туфайли ишлай олмаётган аҳоли сони эса 341,3 минг кишини ташкил этади. Шунингдек, 2020 йил бошида 426,7 минг киши чет давлатлардан қайтиб келган фуқаролар бўлса, 143,4 минг киши ишлаш мақсадида чет элга қайтиб кета олмаган.
Нафақа оладиган уй хўжаликлари сони камида 10 фоизга оширилиши ёки Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши таркибига киритилган нафақа олувчилар сони 596 мингдан 719 мингга кўпайиши кутилмоқда. Март-июнь ойларида тўланиши тугайдиган кам таъминланган оилалар учун ижтимоий нафақалар муддати автоматик тарзда 6 ойга узайтирилди (қўшимча 60 млн. АҚШ доллар йўналтирилади). Бундан ташқари, ҳукумат оилавий нафақа олиш ҳуқуқини аниқлаш учун ариза бериш ва даромадларини текшириш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгаришларни тасдиқлади.
Коронавирус пандемияси даврида вақтинча ишини йўқотган аҳолини иш билан таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жамоатчилик ишлари жамғармаси маблағлари кўпайтирилди ҳамда банд бўлмаган фуқаролар вақтинчалик жамоат ишларига (масалан, дезинфекция қилиш) жалб қилинмоқда. 2020 йил 1 май ҳолатига 47 мингга яқин киши йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 9869 киши мева-сабзавотчилик кластерларига ишга жалб қилинган бўлса, салкам 100 минг киши пахтачилик, ғаллачилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида даромад топмоқда.
Одатда касаллик варақаси ишчининг иш тажрибасидан келиб чиқиб иш ҳақининг 60-80 фоизи миқдорида тўланади. Ушбу кўрсаткич карантин даврида ҳамма учун бирдек иш ҳақининг 100 фоизигача кўтарилди. Ишловчи ота-онага (иккисидан бирига) мактаблар ва болалар боғчалари ёпилганлиги сабабли иш ҳақи тўлиқ сақланган таътил берилди.
Шу билан бирга, ҳукумат томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга истеъмол товарлари учун ваучер ва купон тизимини жорий қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бунинг учун бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.
Хитой тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, апрель ойида Хитой аста-секин карантин қоидаларини юмшатишни бошлади ва одамларни одатий ҳаётга қайтишга ва истеъмол учун яна пул сарфлашга ундамоқда. Бунинг учун Хитой ҳукумати чакана савдони тиклашни кучайтириш мақсадида истеъмол купонлари бера бошлади. Маҳаллий ҳукуматлар онлайн истеъмол купонларини тақдим этишмоқда.
Ҳозирга қадар Хитойда 16 та вилоятнинг 50 га яқин шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак сотиб олиш, саёҳат ва дам олиш масканларида алмашиниладиган ваучерлар тақдим этилди. Гуанжоу ва Чангша каби шаҳарларда аҳолига машина сотиб олишга ёрдам бериш учун икки минг долларгача бўлган миқдорда купонлар тақдим этилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, истеъмол купонларининг 80 фоизидан кўпроғи озиқ-овқат саноати, 42,5 фоизи эса туризм соҳасига тегишли ҳисобланади.
Халилилло ҲАМИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий
тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими