Ёрдам олишни рад этганлар
“Уларнинг қийналиб яшаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Бири дурадгор, бири ошпаз, яна бири кирачилик қилиб тирикчилик қиларди. Бир ойдан бери уйдан чиқмай қийин аҳволга тушишди. Шундай одамлар ҳақида ёзинг, илтимос”.
Ёки ошпаз, дурадгор йигитлар сабрида қандай сир бор?
“Уларнинг қийналиб яшаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Бири дурадгор, бири ошпаз, яна бири кирачилик қилиб тирикчилик қиларди. Бир ойдан бери уйдан чиқмай қийин аҳволга тушишди. Шундай одамлар ҳақида ёзинг, илтимос”.
Бу гапларни ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири менга ёзиб юборган экан. Табиийки, улар ҳақида билгим, имкон қадар ёрдам бергим келди ва телефон рақамларини юборишини сўрадим.
Бирин-кетин қўнғироқ қила бошладим...
Ўзимни таништириб, қандай муаммолар борлигини сўрашим билан уларнинг қаттиқ хижолат бўлиб “овора бўлиб телефон қилибсиз-да, ая”, деган наманганча шевадаги гапларини эшитиб, ғурури бор йигитлар экан-да, дардини айтгиси келмаяпди, деган фикрга бордим.
Вазиятни ойдинлаштириш учун улар билан оиласи, болалари ҳақида суҳбатни давом эттириб, гап олишга уриниб кўрдим. Фойдаси бўлмади, ҳар сўзига шукрона қўшилган бундай сабрли, ҳалол одамлар олдида таъзим қилгим келди.
Ҳолбуки, мен суҳбатлашган Наманган шаҳрида яшовчи Анварнинг ҳам, Луқмоннинг уч нафардан фарзанди бор, турмуш ўртоқлари уй бекаси экан. Бир оилада беш жоннинг кун кўриши учун озмунча харажат кетмайди, аслида. Аммо эл бошига иш тушганда, йигит боши билан нолиб ўтиришни улар ўзига эп билмади. (Улар билан алоҳида гаплашган бўлсам ҳам саволларимга жавоблар негадир бир хил бўлди).
Ишончим комил, улар амал-тақал қилиб кун ўтказаяпди. Балки, яқинларидан қарз ҳам олишгандир. Ахир оддий касб эгаларининг даромади унчалик катта бўлмаслиги сир эмас. Қолаверса, ҳар икки йигитнинг рўзғорини кичкина, деб ҳам бўлмайди. Боз устига, шаҳарда яшашади, экин-тикин қиладиган томорқаси ҳам йўқ.
Эҳ, йигитлар, нега сиз ҳам “менга бир қоп ун, менга беш кило гўшт керак”, оғзингизни тўлдириб, оч қолганингизни иддао қилмадингиз? Сиздаги ориятнинг, сабрнинг сири нимада?
Текинга берилган нарсалардан айб қидириб, “менга яхшироғини олиб келиб беришсин, бу нарсаларни қайтариб олиб кетинг”, деб дунёни бошига кўтариб нолиётган ношукурларни кўравериб, одамлар шундай бўлиб кетдими, деган хавотир йўқ эмас эди. Аммо дунёда шукрлилар борлиги кўнглимни қуёшдек ёритди.
Улар ҳақида ўйлар эканман, ҳалол касб билан шуғулланиш, ҳалол луқма ейиш натижаси бу, муҳими, булар тўғри тарбия топган одамлар, деган фикрга келдим.
Одатда, биз “тарбия” деган сўзни жуда кўп ишлатамиз. Бироқ, уни амалда рўёбга чиқаришни ўз ҳолига ташлаб қўйганлар йўқ эмас. Қорин ғамида ор-номусини бир четга суриб нолиётган ёки ўзига тўқ бўла туриб, ёрдам талаб қилаётганлар тарбиядан, имондан мосуволар эканига шубҳа йўқ.
Камбағал бўлса-да ҳалол, камтар, камсуқум одамларни учратганда, негадир уларга ўз-ўзингдан ёрдам бергинг келади. Улар эса буни бутунлай рад қилиб, бизни баттар ҳайратга туширади. Мана шундай хокисор, чинакам одамлар ҳақида кўпинча китобларда ўқиймиз-у, аммо ҳаёт ташвишлариаро шундайлар ёнимизда борлигини пайқамаймиз.
Ҳозирги синовли кунларда гарчи ниқоблар тақиб олган бўлсак-да, айримларнинг асл башаралари фош бўлиши баробарида биз орамиздаги асл ИНСОНларни ҳам кашф қилмоқдамиз. Шундайлар борлиги учун ҳам замин барқарор, қуёш ҳар тонг адашмай нур таратишда давом этмоқда.