Ёр ва баҳор тараннуми
Ўзбек халқи дунёга кўплаб буюк алломаларни етказиб берган.
Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига
Ўзбек халқи дунёга кўплаб буюк алломаларни етказиб берган. Буюклик замон ва макон тушунчаларини тан олмайди, дейишади. Ҳақ гап. Беш аср муқаддам ҳазрат Навоий қаламларидан қуйилган ўтли мисраларни улуғ ҳофизимиз ижросида тинглаганда, шу ҳақиқатга имон келтираман.
Сумбулин Лайли очибдир, ел абир осо эмас.
Доғини Мажнун қонатмиш, лолайи ҳумро эмас.
Бу байтлар ҳофизнинг ширали овозида ўта ажиб ва нажиб таронага айланган. Қўшиқнинг илк мисралариёқ кишини хаёлот оламига чорлайди: Баҳор чоғи. Турфа гуллар қулф урган чаман. Бу манзарани эҳтимолки, мингта шоир минг хил тасвирлаган бўларди. Лекин, Ҳазрат Навоийнинг тасвири бўлакча. Чаманда гул исларини таратиб юрган майин ел худди Лайлининг очилган сумбул сочларига ўхшайди. Лола ҳам шунчаки қип-қизил лола эмас,у Мажнуннинг қалб жароҳатидан оққан қон.
Настаран кўзгусида бир сори мен, бир сори ёр
Чеҳра аксин кўргузубдурбиз, гули раъно эмас.
Настаран /сирень/ – рангининг тиниқлиги, хушбўйлиги билан ажралиб турадиган, раънодошлар оиласига мансуб кўп йиллик бутасимон гул. Мумтоз адабиётда “Настаран кўзгуси“ тиниқлик, ойдинлик тимсоли сифатида тилга олинади. Бу кўзгуда ёр акси кўрингач, янада гўзал ва бетакрор манзара касб этади. Бу жаннатий гўзаллик қаршисида гули раъно – раъногулнинг малоҳати ҳам ҳеч нарса бўлмай қолади. Настараннинг бир тарафи ёр чеҳрасидек тиниқ, оппоқ, иккинчи томони эса, унинг ҳажрида куйган ошиқнинг дардманд юзидек сарғайган...
Қўшиқ авжига чиққан сари юрагингиз қатларидаги мудроқ ҳислар уйғона бошлайди.
Гулга ўхшатган учун ёримни гўё, боғ аро,
Музтариб кўнгул қушидур, булбули шайдо эмас.
Мумтоз адабиётда гулни /атиргул/ кўпроқ ёрга, унинг қирмизи ёноқларига қиёслашади. Бироқ, ошиқнинг кўнгил қуши бу ноўрин ўхшатишдан ўзи уялиб, булбулдек изтироб чекаётир. Аслида боғда афғон чекаётган ҳам булбулнинг ўзи эмас, ошиқнинг пушаймонликда ўртанаётган қалбидир. Алқисса: ёр гулдан минг карра чиройлироқ.
Кейинги мисраларда тасвирлар янада тиниқлашади.
Сумбул устидин насим эсгач, нигорим туррасин
Ёд қилдимки, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.
Яъни насим, майин шаббода сумбул устидан эсиб, унинг хушбўй ҳисларини урилгач, ёримнинг рўмолини эсладим ва димоғим ошуфта бўлди, савдо қўзғалди. Энди шу байтга чуқурроқ ёндашайлик. Сумбул шарқ табобатида шифобахш гиёҳлардан саналади ва унинг ҳиди савдони ҳайдаш, яъни қон қўйқасини қўзғатиш хусусиятига эга. Байтдаги савдо ҳам икки хил маънода келяпти. Биринчи маъноси инсон вужудидаги ҳолат, иккичиси – ишқ савдоси. Икки ўринда шеърнинг маъноси чиройли чиқади. Сумбул ҳидини таратган шаббода бадандаги савдони уйғотса, ёр сочи силаган турра – рўмол дилдаги савдоларни қўзғатади, ширин ҳисларни ёдга солади.
Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир
Пардаи жонимдурур, марҳун қадаҳполо эмас.
Наргиснинг худди олтиндек товланиб турган сап-сариқ, эътибор қилсак, унинг гулкосаси ҳазрат Навоий айтганларидек, юза қисмига оппоқ ҳарир парда тортилган қадаҳни эсга солади.
Қадимда майнинг қуйқасини ушлаб қолиш учун қадаҳ устига докадек нафис мато тутилган. Бу мато “қадаҳ поло“ яъни қадаҳ сузгич деб номланган. Шоирнинг ҳассослигини, ташбеҳга усталигини кўрингки, наргис гули устидаги нафис парда худди ана шу “қадаҳполо“га ўхшатилмоқда.
Навоий бу ўхшатишдан қаноат ҳосил қилмайди. Аслида наргис юзидаги “ҳарир“ ошиқнинг маъшуқанинг наргисмонанд кўзларига ошуфта бўлган омонатгина жон пардасидир.
Дема, афғонимда булбул ноласидин йўқ нишот.
Бу ҳам андуҳзо эмас, гар ул нишотафзо эмас.
Яъни: фиғонимни кўриб, “нега булбул хонишидан завқланиш ўрнига ғам чекаётирсан“, деб сўрама. Агар бу – менинг оҳу зоримда шодлик нишонаси йўқ экан, унда – булбул хонишида ҳам ғам-андуҳ асари сезилмаяпти.
Ҳофиз шу байтда акс этган чуқур маънони ҳис этиб куйлагани, қўшиқ оҳанглариданоқ яққол аксини топади. Беихтиёр димоғингизга сумбул ҳиди оқиб киради.
Гулни сарв узра хаёл этдим кўнгул гулзорида
Рост айтай, сарви гулруйим каби зебо эмас.
Гулни маъшуқанинг юзига, сарв эса, унинг тик қадди-қоматига менгзайди. Демак, бу икки ўхшатишни бирлаштириш учун, атиргулни сарв дарахтининг тепа қисмида деб хаёл қилиш керак. Огаҳийнинг мана бу машҳур байти ҳам ҳазрат Навоийнинг шу ғазалидан илҳомланиб ёзилган бўлса эҳтимол.
Қилгил тамошо қомати зебоси бирла оразин
Гар кўрмасанг гул бўлғанин пайванд шамшод устина.
Сиз ҳам тасаввур қилдингизми? Табиат мўъжизаси ила сарвнинг тепа қисмида бир жуфт атиргул очилиб турса... Йўқ, шоирга бу ўхшатиш ёқмайди. Бари бир бу “мўъжиза” гулюз, сарвқомат маъшуқанинг малоҳатига тенг келолмайди.
Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро
Сиз каби билтурги гуллардан бири пайдо эмас.
Мумтоз адабиётга ошно қалблар бу мисраларни буюк ҳофиз ижросида эшитсалар, дилдан оҳ тортиб юборишлари тайин. Ахир бу ўринда ҳаётнинг давомийлиги, ёшлик ва гўзалликнинг ўткинчилиги нақадар ажойиб тарзда ифода этилган. “Эй шўх санамлар ҳуснингизга мағрур бўлаверманг, манави боғда бултур ҳам ҳозиргидек гўзал гуллар қулф урганди, энди уларнинг ўрнини янгилари эгаллаган, сиз хам худди шу гуллар сингари эртага бошқаларга ўрин бўшатиб берасиз“.
Дарҳақиқат, қанчалик доно, нафис ва... шафқатсиз сўзлар. Ҳофиз ҳам бу сатрларни шунчалик фиғон ила куйлайдики, беихтиёр мижжаларга ёш қалқади.
Менга гулрух соқию булбулга гул тутмиш қадаҳ
Маст эрур ул ҳам Навоийдек вале расво эмас.
Боғ сайри ошиқни ҳам мислсиз завқ-шавққа солади. Гул булбулга, гулгун юзли ёр эса, ошиққа қадаҳ тутади. Булбул ҳам сармаст нола чекади, лекин, у Ошиқ яъни Навоий каби маст бўлолмайди.
Ушбу ғазал ҳазрат Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар“ (Кичиклик ғаройиботлари) девонидан олинган. Шоир уни йигитлик чоғида рақам қилгани учун ғазал бошдан охирига кадар боғ сайри, баҳор манзаралари, ёшлик завқи, ишқ сурури ҳақида баҳс юритади.
Ғазал беш аср мобайнида минглаб миллионлаб шеърият мухлислари томонидан юксак ҳайрат билан ўқиб келинган. Эҳтимол, асрлар давомида ўнлаб ҳофизлар, муғаннийлар томонидан куйга ҳам солингандир. Бироқ, ХХ асрда ғазал ҳофиз ижросида хар жиҳатдан мукаммал, ҳақиқий санъат асарига айланди, десак, муболаға бўлмайди.