Ёлғончи гувоҳ жазосини олди
С.Анваров муқаддам ўғирлик жиноятини содир этиб, амнистия актига асосан жазодан озод этилганига қарамай, ўзига нисбатан берилган имкониятдан тегишли хулоса чиқара олмади.
Ислом таълимотларида гувоҳликни Аллоҳ розилиги учун бериш таъкидланади. Гувоҳ бўлишнинг ўзи катта масъулият. У орқали кўпгина ҳукмлар чиқарилади, биров оқланиши ёки қораланиши, инсоний ҳуқуқлар поймол этилиши ёки ҳимоя қилиниши мумкин.
С.Анваров муқаддам ўғирлик жиноятини содир этиб, амнистия актига асосан жазодан озод этилганига қарамай, ўзига нисбатан берилган имкониятдан тегишли хулоса чиқара олмади.
У ўзининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш замирида фирибгарлик, пора беришга далолат қилиш, ёлғон гувоҳлик бериш каби оғир жиноятларга қўл урди.
С.Анваров Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан Ю.Абдуллаевага нисбатан ўтказилган тадбир давомида холис сифатида қатнашган.
Бироқ жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг суд мажлисида Ю.Абдуллаева ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича терговга қадар текширув жараёнида холис, тергов жараёнида ва суд мажлисида ёлғон кўрсатма бермаслик ҳақида огоҳлантирилиб, гувоҳ тариқасида жалб қилинган.
Аммо Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ катта тезкор вакили М.Қурбоновга нисбатан шахсий адовати туфайли, гўёки бу тадбирда холис сифатида қатнашмаганлигини рўкач қилиб, била туриб, М.Қурбоновни оғир жиноят содир этишда, жиноят иши бўйича далилларни сохталаштиришда айблаб, ёлғон гувоҳлик берди.
Бу ҳам етмаганидек, С.Анваров ёшликдан бирга катта бўлган ўртоғи Б.Ориповга нисбатан ўтказилган тезкор тадбирдаги “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси олинганлик ҳолатини ижобий ҳал қилиш эвазига Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили М.Қурбоновга 1.500 АҚШ доллари миқдорида пора бериш кераклигини айтиб, Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси, ДХХ Қўқон шаҳар бўлими, Фарғона вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Б.Ориповдан кимёвий ишлов берилган 1.500 АҚШ долларини қўлга киритган вақтда ушланди.
Судда С.Анваров ИИБ ходими М.Қурбоновга нисбатан шахсий адовати замирида пасткашлик қилганлигини тан олиб, М.Қурбоновдан кечирим сўради. С.Анваровга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.
Маънавий қадриятнинг таназзули, бир инсонни қамоққа етаклаб, бир норасида гўдакни ота меҳридан айирди.
Ёлғон гувоҳлик бериш билан адолат оёқ ости қилинса, гувоҳлик беришдан қочиш ўша адолатнинг ўрнатилишига тўсқинлик қилишдир.
Х.Худойбердиев,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар
судининг раиси