Ёғоч ва мебель маҳсулотлари: импортдан экспортгача
«Навоий» эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар томонидан «Zhong Tian» масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади.
«Навоий» эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар томонидан «Zhong Tian» масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади. Қарийб 4 гектар майдонни эгаллаган мазкур корхонага 9,5 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди. Эндиликда бу ерда қурилиш ҳамда мебель жиҳозлари учун ёғоч маҳсулотлари етказиб берилади.
- Ўзбекистонда қурилиш ва мебель саноати учун ишлатиладиган ёғоч маҳсулотлари таркибига эътибор берганмисиз? Улар асосан зичланган ёғоч қириндисидан тайёрланади, - дейди корхона раҳбари хитойлик инвестор Луи Пеифенг (Lui Рeifeng). - Бизда эса бу бошқача. Биз Ўзбекистонда илк бора қурилиш ва мебель саноати учун табиий ингичка қаватли ёғоч маҳсулотларини таклиф қиляпмиз. Биринчидан, бу қайишқоқ ва синмайди.
Иккинчидан, мўрт эмас, ичида ғоваги йўқ, бу – сув ўтказмайди, тез ёниб кетмайди. Дурадгорлар ёғоч қириндиси ва бутунлигича ёғоч бўлакларидан тайёрланган ёғоч маҳсулотини фарқлай олишади. Эътибор беринг, машҳур “Rolly-Roys” автомобиллари ички салонида ҳам айнан мана шундай тайёрланган ёғоч ишлатилади. Ниятимиз замонавий, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб нафақат Ўзбекистон балки Ўрта Осиё ва Европа давлатлари бозорларига рақобатбардош маҳсулот чиқаришни мақсад қилганмиз.
Ҳозирча ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулот билан қоплаяпмиз. Бугун Ўзбекистонда жаҳон стандарти ўлчамидаги МДФ ёғочи 42 АҚШ долларигача импорт қилинмоқда. Биз шундай маҳсулотни 27 АҚШ долларидан маҳаллий бозорга чиқаряпмиз.
Ҳозирга келиб, корхонанинг дастлабки босқичида 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Агар ишлаб-чиқариш тўлиқ қувватда фаолият кўрсатса, кунига 350 куб, йилида 127 минг кубдан ортиқ ёғочни қайта ишлаш қуввати яратилади.
Корхона тўлиқ қувватда ишга тушса, 8 та линия бўйича МДФ, ДСП, опалубка, акрил, фанер, ламинат, маҳсулотларини кенг масштабда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 80 нафарга яқин янги иш ўрини яратилади. Шунингдек, корхона томонидан яна 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда янги технологиялар орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш режалаштирилган.
Эътиборимизни ёғоч ғўлачасини маълум ўлчамгача йўниб, қолган бўлагини пастга ташлаб юбораётган техника тортди. Ие, корхона раҳбарининг «Бизда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди», деган гапи қаерда қолди, – деб пастга қарадик. Бир қучоқ кетмон дастани йиғиштириб олаётган ишчини кўриб қойил қолдик. Мана буни ҳақиқий тадбиркорлик деса бўлади.
Бу жараён ҳуддики, қурилиш ва мебель жиҳозлари учун ишлатилган дарахтлар ўрнига боғ яратиш учун яна далага отланган боғбоннинг елкасидаги кетмоннинг дастасига ўхшайди.