Ёқилғи қуйиш шохобчаларида аҳвол қандай?
Унда ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда автомобилларга газ тўлдириш, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар, газ ва ёқилғи қуйиш станциялари раҳбарлари иштирок этди.
Қумқўрғон туманида Сурхондарё вилоятидаги ёқилғи қуйиш станцияларининг жорий ҳолатини мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳи аъзоларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда автомобилларга газ тўлдириш, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар, газ ва ёқилғи қуйиш станциялари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ёқилғи қуйиш станцияларининг жорий ҳолатини мониторинг қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари М.Ҳаитова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги “Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жамоат мақсадларига мўлжалланган, кечаю кундуз ишлайдиган барча турдаги ёқилғи қуйиш станциялари (АГТКС, АГҚС, АЁҚС) 2020 йилнинг 1 мартига қадар санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланиши белгиланган. Шунга асосан вилоятда ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилиб, барча турдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида хатлов ўтказилди. Санитария-гигиена шохобчалари, савдо, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари атрофлича ўрганиб чиқилди.
Маълумотларга кўра, воҳада 337 автомобилларга газ тўлдириш, газ ва ёқилғи қуйиш станцияси бор. Айни пайтда уларнинг 329 таси фаолият юритмоқда. 40 дан ортиғида санитария-гигиена шохобчалари мавжуд эмас. Айримлари шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайди.

Йиғилишда ушбу объектлардаги санитария-гигиена шохобчалари қурилишида йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Санитария-гигиена шохобчалари қурилишини жорий йилнинг 1 мартигача якунлаш, қурилиш ишлари жараёнида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар, шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида санитария-гигиена шохобчалари билан биргаликда савдо, маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш нуқталарини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси буюртмаси асосида ишлаб чиқилган намунавий типдаги замонавий санитария-гигиена шохобчалари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.