
Фармон ва ижро
Мамлакатимизда яйловларни муҳофаза қилиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, яйлов хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада бошқарувнинг ихчам ва самарали тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат ЖАББОРОВ мазкур фармон ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Фармон билан Ипакчилик қўмитасига берилган яйлов ерлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги ҳудудий яйлов хўжаликларига ўтказилди, – дейди Шуҳрат Жабборов. – Йил охирига қадар яйлов ерлари хатловдан ўтказилиб, амалдаги ва давлат рўйхатидан ўтказилган майдон ўзаро мувофиқлиги таъминланади.
Фармон кучга кирган санада ёки 2020 йил 1 сентябрь ҳолатида тегишли яйлов ерига нисбатан ижара, доимий фойдаланиш ёки доимий эгалик қилиш ҳуқуқига эга, яйловдан узоқ йиллар самарали фойдаланган хўжаликларга республика комиссияси қарорига асосан тўғридан-тўғри ижарага берилади.
Қолган яйловлар “е-auksion” савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёки Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан қонунчиликда белгиланган тартибда тузиладиган давлат-хусусий шериклик шартномаларига мувофиқ ижарага берилади.
Ер эгалари томонидан яйловларда изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркакўт, саксовул экиш ташкил қилинади.
Яйловлар алмашинишининг календарь режаси ва чорва молларини ўтлатишнинг фойдаланиш меъёрлари тасдиқланиб, мониторинг тизими жорий этилади.
Яйлов деградациясининг олдини олиш бўйича 2025-2027 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилади. Яйлов хўжаликларининг доимий фойдаланишдаги ер майдонлари эса солиқ солинадиган базага киритилмайди.

Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан яйловлар деградациясининг олдини олиш ва қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришга 50 миллион доллар миқдорида маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган.
Марказий банкнинг фойдаси ҳисобидан жорий йилда яйловларда суғориш иншоотлари – қудуқларни барпо этиш бўйича дастур йўлга қўйилади.
Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича яйловдан фойдаланувчиларга ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Тўғридан-тўғри ижара шартномаларини тузадиган талабгорлар рўйхати шакллантирилди.
Яйлов ерларини ҳудудий яйлов хўжаликларига ўтказиш бўйича ваколатли идораларга хатлар киритилди. Шунингдек, “Яйлов хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди.
Бир сўз билан айтганда, фармон ижросини таъминлаш борасидаги ишлар тегишли тартибда, изчил амалга оширилмоқда.
ЎзА мухбири
Икром АВВАЛБОЕВ
ёзиб олди.