Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир
Рамазон ҳайитида Фарғона вилоятида эзгу амалларнинг кўлами янада кенгайди. Ўзбекистон туманида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор хайрли ишлар олиб борилди.

Эътибор ва мурувват туфайли фазилатли кунларда кўплаб муҳтож оилаларга қувонч олиб кирилди. Бундай хайрли тадбирларда туман сектор раҳбарлари бошчилигидаги мутасаддилар, маҳалла фаоллари ва саховатпеша инсонлар ташаббуслар кўрсатди. Хусусан, Дарвешобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 82 ёшли Комилахон она Қосимова ҳамда имконияти чекланган Гулбаҳор Аббасоваларга ногиронлик аравачалари топширилганлиги нафақат уларни, балки бутун оила аъзоларини ҳам беҳад қувонтирди.

Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги хайрли йўқловда ногиронлик аравачаларини ўз эгаларига топширган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев тумандошларимизга мустаҳкам соғлиқ, кўнгил хотиржамлиги ва оилавий фаровонлик тилаб, байрам табрикларини изҳор этди. Тумандаги Қудаш “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига амалга оширилган йўқлов барчани хушнуд этди.
Байрам йўқловида туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги ҳокимлик мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, меҳрга ташна қалбларга шодлик улашилди.

Тадбирда сўз олган туман раҳбари муассасада яшовчилар ҳамда уларни меҳр ила парваришлаётган тиббиёт ходимларини муборак айём билан самимий қутлаб, инсон қадри улуғланаётган юртимиздаги барча шифо талабларга, хусусан мазкур муассасада яшовчиларга мустаҳкам соғлик ва кўнгил хотиржамлигини тилади.
Байрамона дастурхон атрофидаги дилдан суҳбатлар, меҳрга тўла илиқ сўзлар ва самимий эътибор масканда яшовчилар учун қувонч бағишлади.
М.Сулаймонов, ЎзА