Яхши китоб, меҳр ва эътибор – энг катта совға
Болаларнинг ёзги таътил кунлари тобора қизғин тус олган шу кунларда Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси мамлакатимиздаги оромгоҳларда маърифий-ижодий учрашувларни ташкил этмоқда.
Ана шундай ижодий учрашувлардан бири пойтахт чеккасида жойлашган "Гулбаҳор" номли сўлим оромгоҳда бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мазкур оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган болаларга бадиий адабиётлар тўпламини топширди.

22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари дам олаётган ушбу масканда болаларни соғломлаштириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Айни пайтда Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган китоблар тўплами болалар ва оромгоҳ кутубхонаси учун яхши совға бўлди. Бу ерда соғлиғини тиклашга эҳтиёжи бўлган болалар дам олаётганини инобатга олган ҳолда уюшма томонидан тақдим этилган асарлар кичкинтойларнинг саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Учрашув болаларга хос бўлган самимий, завқли, жонли тарзда ташкил этилди. Тадбирда таниқли шоирлар болаларга ўз шеърларини ўқиб бердилар.
Учрашув давомида болалар ана шундай самимий мулоқотга, яхши китобга, меҳрга эҳтиёжманд экани яна бир карра аён бўлди. Ижодий мулоқот болаларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА