“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”
2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилди. Бу юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда иқлим ўзгаришини юмшатишга қаратилган янги даврни бошлаб беради. Қолаверса, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида мавжуд миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида яшил ривожланиш тамойиллари мужассам бўлмоқда.
Дарҳақиқат, экология масаласи юртимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Дунёда тобора ортиб бораётган экологик муаммолар, айниқса, иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги туфайли юзага келаётган салбий оқибатлар дунё ҳамжамиятини ҳам ташвишга солмоқда. Сўнги йилларда етакчи давлатлар иштирокида ўтказилаётган Халқаро экологик тадбирлар, БМТнинг нуфузли минбарларида давлат раҳбари иштирок этиб, турли таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сураётганлигини Халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.
– “Яшил” иқтисодиёт экологик хавфсизлик, энергия тежамкор ишлаб чиқаришга ўтиш демакдир, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Жаҳонгир Шарипов. – Аввало, қуёшли юртимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик учун замин яратади. Экология ҳаёт-мамот масаласи сифатида доимо долзарблик касб этган. Чунки инсон умр кечираётган ер сайёрасида тоза ҳаво, тупроқ, сув, ўсимлик, ҳайвонот олами ва қуёш нури тириклик рамзи сифатида намоён бўлади. Бироқ, сайёрада табиатга инсон омили ҳамда табиий таъсирнинг ортиб бориши у ёхуд, бу ҳудудда турли кўринишда акс-садо бермоқда. Табиат эса инсониятдан нажот кутмоқда.
Сўнги 30 йилда ўртача ҳаво ҳарорати башорат қилингандек 0,5 даражага эмас, 1,5 даражага ортганлиги табиат ва инсон саломатлигига соя солмоқда. 2030 йилга бориб, мавжуд сув захираларининг 20 фоизга камайиши, ер шарида 3 миллиардга яқин аҳоли тоза ичимлик суви тақчиллигига учраши, чиқинди турларининг ортиб бориши, фасллар хусусиятининг ўзгариши каби ўнлаб экологик муаммолар инсониятни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чорлайди, албатта.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири