Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда Хитой Фанлар Академиясининг Синьцзян экология ва география институти томонидан “Яшил Орол денгизига йўл: Инновациялар ва ҳамкорлик” мавзусида халқаро ёш олимлар форуми ўтказилди.
Форум халқаро Илмий Ташкилотлар Алянсининг Чўлланишга қарши кураш ассоциацияси (ANSO-ACD), ANSO Яшил Орол денгизи илмий ташаббуси халқаро дастур идораси (ANSO IPO), Қурғоқчил ерлар экобиомаларининг Ўзбекистон-Хитой қўшма асосий лабораторияси ташаббуси билан ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирликлар, қўмиталар, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум илм-фан ва технология орқали Орол денгизининг яшил ва барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Орол денгизи ҳавзасини барқарор ривожлантиришга интилаётган ёш истеъдодлар учун халқаро алмашинув ва ҳамкорлик платформасини тақдим этади, илмий ва технологик ривожланишнинг сўнгги тенденциялари билан ўртоқлашади. Фанларнинг ўзаро таъсири ва интеграциясига кўмаклашиш, ёш олимларнинг яшил Орол денгизини ривожлантириш бўйича инновацияларини рағбатлантириш ва Орол денгизининг экологик бошқаруви учун иқтидорлиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
[gallery-9998]
Сессияларда Орол денгизи ҳавзасининг барқарор ривожланиши, яшил ва инновацион технологияларнинг илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш бўйича илмий ишлар олиб бораётган ёш олимлар, академиклар маъруза қилди.
–Жорий йилнинг март ойида “Тошкент ирригация ва сув хўжалигини механизациялаш инженерлари институти” Миллий илмий - тадқиқот университети, Хитой Фанлар Академиясининг Синьцзян экология ва география институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ўртасида Орол денгизининг яшил ва инновация ҳудуди тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Камалатдин Идирисов. – Меморандумда кўрсатилган ҳамкорлик йўналишларидан бири сифатида халқаро семинарлар, илмий конференциялар ва бошқа семинар тадбирларини биргаликда ташкил этиш, илмий ва техник кадрлар тайёрлаш кўрсатилган.
Тадбир доирасида бўлиб ўтган давра суҳбатида экспертлар ва ҳукумат вакиллари фикр алмашди. Орол денгизи экологик бошқарувининг фан ва технологияларга бўлган эҳтиёжи, ёш олимларнинг салоҳиятини ошириш йўллари, уларнинг Оролбўйида инновацияларни ривожлантиришда қандай рол ўйнаши муҳокама қилиниб, ёш иштирокчилар билан суҳбатлар ташкил этилди. Етакчи мутахассисларни етиштириш мақсадида 2 нафар ёш олим номзоди танлаб олинди. Уларга “Яшил Орол денгизининг инновациялар ва ҳамкорлик” мукофоти топширилди ва CAS (XIEG) уларнинг Хитойда қисқа муддатли малака оширишни молиялаштиришни ўз зиммасига олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА